Жамият | 22:00 / 21.11.2018
11091
2 дақиқада ўқилади

Божхоначилардан қочишга уринган юк автомашинасида ноқонуний маҳсулотлар ортилгани аниқланди

Бугунги кунда Ўзбекистонда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун кенг имкониятлар ва енгилликлар жорий қилинаётганига қарамай  айрим шахслар томонидан божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаган ҳолда мўмай даромад орттириш мақсадида товар-моддий бойликларни ноқонуний йўллар билан олиб киришга бўлган уринишлар учраб турибди.

Божхона қўмитаси матбуот хизмати шундай ҳаракатларга кескин курашиш мақсадида божхона органлари томонидан амалга оширилаётган қатъий чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

«Куни кеча Фарғона вилояти божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Фарғона вилоятининг қўшни давлат билан чегарадош ҳудудларида ҳаракатланаётган «KIA/BONGO 3» русумли, фуқаро Ю.О. бошқарувидаги юк автомашинаси тўхтатиш ишорасига бўйсунмай қочишга уринган.

Аммо, ушбу юк автомашинасини тўхтатиш чоралари кўрилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ҳайдовчининг тўхташ ишорасига буйсунмагани сабаби ойдинлашган.

Ушбу автомашина юкхонасида Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 213 миллион сўмдан ортиқни ташкил этувчи телевизор ва газ ҳисоблагич ускуналари сингари 3 хил турдаги товарлар борлиги маълум бўлган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасида текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид