Ўзбекистон | 16:56 / 22.11.2018
7869
5 дақиқада ўқилади

«Ўзатом» АЭС қурилиши ва эксплуатацияси бўйича Венгрия тажрибасини ўрганишга киришди

«Ўзатом» агентлиги делегацияси 11-13 ноябрь кунлари Будапешт шаҳрида (Венгрия) ва 14-15 ноябрь кунлари Москвада бўлди. Ташрифдан мақсад - Венгриянинг атом энергетикаси соҳасидаги тажрибасини ўрганиш, дея хабар беради «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати. 

Венгрияда мамлакат аҳолисининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 50 фоиздан ортиғини 1980-йилларда қурилган ВВЭР-440/213 сув ядровий реакторлари асосидаги 4 энергоблокдан иборат «Пакш-1» электр станцияси таъминлайди. Бугунга келиб ҳар бир энергоблок қуввати 500 МВт’гача оширилган, уларнинг эксплуатация муддати узайтирилган. Бундай қувватга АЭС модернизацияси, турбиналарнинг яхшиланиши ва янада бойитилган ёқилғидан фойдаланиши натижасида эришилган. 

Россия дизайни асосидаги «3+» авлоднинг икки энергоблокли «Пакш-2» АЭС қурилиши лойиҳасига старт берилиши муносабати билан 2032 йилдан энергоблоклар кетма-кет эксплуатациядан чиқарила бошлайди. Узлуксиз электр энергияси генерациясини таъминлаш учун биринчи блокни ишга тушириш 2030 йилга мўлжалланган. 

«Ўзатом» агентлиги делегацияси «Пакш-2» АЭС лойиҳаси учун масъуллар – “портфелсиз” вазир Ян Шули, Венгрия инновациялар ва технологиялар вазирлиги давлат котиби Андреа Беатрикс Кадар, Венгрия атом энергетикаси регулятори бош директори Дюлей Фихтингер, «Пакш-2» атом электр станцияси бош директори Иштван Ленкейем ва бошқалар билан учрашди. 

Учрашувлар давомида таъкидланишича, мазкур лойиҳа мамлакатдаги электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ошиши билан боғлиқ. 2017 йилнинг 30 мартида янги АЭС қурилиши учун майдон танловига лицензия олинди. Айни дамда лойиҳа янги АЭС қурилиши учун лицензия олиш босқичида. Венгрия томон Россия дизайни асосидаги «3+» авлоднинг ВВЭР-1200 энергоблоки сифат ва хавфсизлик нуқтаи назаридан танлангани таъкидланди. 

Лойиҳани амалга ошириш олдидан АЭС қурилиши ва ишга туширилишининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолашга доир фикрлар ўрганилди.

«Пакш-2» АЭС лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Венгрия томон «Росатом» давлат корпорацияси билан шартнома имзолаган, шунингдек ҳужжат экслуатация даврида лойиҳани қўллаб-қувватлаш ва ёқилғи етказиб беришни ҳам кўзда тутади. 

Учрашув давомида венгрияликлар атом энергетикаси ушбу соҳани ривожлантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилаётгани ва Венгрия яқин келажакда кўмирдан бутунлай воз кечиб, фақат атом энергетикаси ва қайта тикланувчи энергия манбаларига эътибор қаратишни режалаштираётганини таъкидлашди. 

«Ўзатом» агентлиги вакиллари ташриф давомида Дунай қирғоғида жойлашган «Пакш-1» АЭСда бўлишди. Ўзбекистон делегацияси «Пакш-1» АЭС қошидаги ноёб ўқув маркази билан танишди. У тўлиқ АЭС фаолиятида қўлланиладиган ҳақиқий реакторлар ва бошқа ускуналар билан жиҳозланган. Учрашув якунларига кўра, венгриялик ҳамкасблар билан мазкур ўқув маркази базасида кадрларни тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон вакиллари учун танишув турларини ташкиллаштиришда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда келишувга эришилди. 

Бундан ташқари, «Ўзатом» агентлиги делегацияси Москва шаҳрида ҳам бўлиб, «Росатом» давлат корпорациясининг операцион бошқарув бўйича бош директорнинг биринчи ўринбосари Александр Локшин ва «Русатом Оверсиз» АЖ президенти Евгений Пакерманов билан музокаралар ўтказди. Музокаралар давомида лойиҳани амалга оширишга доир ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар мувофиқлаштирилди. 

Шу билан бирга, “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий ядровий тадқиқот университетига таҳсил олиш учун йўлланган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказилди ҳамда уларнинг яшаш ва ўқиш шароитлари, таълим жараёни  ҳақида суҳбатлашилди. Юзага келадиган масалалар бўйича доимий мулоқотда бўлиш ва уларга кўмак берилишига келишилди, шунингдек ўқишни тугаллагандан кейин уларни ишга жойлаштириш масалалари муҳокама этилди.

Миллий ядровий тадқиқот университети ректори М.Н.Стриханов билан учрашув давомида Тошкент шаҳрида «МИФИ» ИТЯУ филиалини ташкил қилиш масалалари, «Ўзатом» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва «Росатом» давлат корпорацияси  ўртасида Ўзбекистон атом энергетикаси соҳаси учун кадрларни тайёрлаш бўйича ўзаро ҳамкорликка доир меморандумни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» лойиҳаси  муҳокама қилинди. Мазкур  ҳужжат РФ президенти В.В.Путиннинг 2018 йил 18-19 октябрь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида имзоланган. Экспертларнинг навбатдаги ишчи учрашувини шу йилнинг декабрида Тошкент шаҳрида ўтказиш, шунингдек, мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида «Росатом» давлат корпорацияси олимпиадасини ўтказишга оид келишувга эришилди.

Мавзуга оид