Жаҳон | 23:55 / 24.11.2018
10487
2 дақиқада ўқилади

Моҳир ҳарбий учувчи Александр Харламовнинг 70 йиллик юбилейи нишонланди

Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейида Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгаш аъзоси, моҳир учувчи Александр Харламовнинг 70 йиллик юбилейига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича Марказий кенгаши ҳамда «VETERAN» жангчи-фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси раислари унинг ҳаётий тажрибаси, Ўзбекистон Қуролли Кучлари Ҳарбий ҳаво кучлари қўшинларини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Тадбир давомида Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамблининг хонандалари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир сўнгида Қуролли Кучлар давлат музейида Александр Харламовга бағишланган экспозициянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.  

Александ Харламов 1948 йили Қозоғистоннинг Зеленова туманида туғилган. 1966 йилда Сизрань олий ҳарбий авиация билим юртини тамомлаган. 1991—1992 йиллар давомида Тошкентдаги авиация бошқармаси жанговар тайёргарлик бўлими учувчиси — катта инспектор, 2000—2005 йилларда Ҳарбий ҳаво кучлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 2009—2011 йиллар давомида «Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи»да синовчи-учувчи сифатида фаолият юритган. 2015 йилдан буён Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўшинлари Фахрийлар ишлари бўйича кенгашининг раиси ҳисобланади.

Александр Николаевич 1999—2000 йилларда аксилтеррор операцияларида мураккаб ва масъулиятли вазифаларни бажаргани учун «Дўстлик» ҳамда «Шон-шараф» орденлари билан тақдирланган. У Ўзбекистон вертолёт авиациясининг муваффақиятли қўлланилишида, кўплаб ёш ҳарбий учувчиларни тайёрлашда улкан ишларни амалга оширган. Ҳавода 7400 соатдан ортиқ учгани сабаб «ҳарбий учувчи-снайпер» номини олган.

Мавзуга оид