Жамият | 11:27 / 24.11.2018
5628
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда корейс рассомлари кўргазмаси ташкил этилди

23 ноябрь куни Республика Тасвирий санъат галереясида илк маротаба Жанубий Корея давлати рассомларининг «А Beautiful Accompany» кўргазмаси ташкил этилди. Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан ташкил этилган кўргазмада 16 нафар маҳоратли корейс рассомининг сара ижод намуналари намойиш этилди. Улар орасида Жанубий Кореянинг кўзга кўринган истеъдодли рассоми Мин Кё Ким хоним ҳам бор. Kun.uz мухбири ижодкор билан қисқача суҳбат уюштирди.

— Ижод намуналарингиз намойиши учун нега айнан Ўзбекистонни танладингиз?

— Ушбу кўргазма Ўзбекистон Маданият вазирлиги ташаббуси билан махсус ташкил этилди. Менга ҳам унда ўз ижод намуналарим билан қатнашиш таклифи билдирилди. Буни мамнуният билан қабул қилдим.

— Корейс ва ўзбек маданияти ўртасида қандай ўхшаш ҳамда фарқли жиҳатлар мавжуд, деб ўйлайсиз?

— Бу ерга келишдан олдин юртингиз маданияти ҳақида менда деярли ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Кўргазмага тайёрланиш чоғида интернет тармоғи орқали ўзбек маданияти тўғрисида маълумот қидириб, ўрганиб чиқдим. Ҳақиқатан ҳам корейс ва ўзбек одамларининг феъл-атворида ўхшашликлар борлигини пайқадим. Икки мамлакатнинг бой тарихга эгалиги ҳам яна бир муҳим жиҳат. Фикримча, мамлакатингиз Осиёнинг бироз ғарблашган варианти ҳисобланади. Кореяда эса Шарқ илдизи жуда мустаҳкам. Бу фарқли томони, деб ўйлайман.

— Ўзбекистонда сизга нима кўпроқ ёқди?

— Миллий таомларингиз, ўзбек аёлларининг нафосати ва шаҳарлар инфратузилмаси менда катта таассурот қолдирди. 

— Суратларингизда асосан корейс табиатини ифода этгансиз. Демак, гўзал манзара сизни мафтун қила олади. Ўзбекистон табиати ҳам сизда қизиқиш уйғотдими? Навбатдаги ижод намуналарингизни шу ерда яратиш ғояси пайдо бўлдими?

— Юртингиз гўзал манзаралари ҳақида эшитганман, аммо ҳали шахсан ташриф буюришга муяссар бўлмадим. Агар имконият яратилса, албатта, буни амалга оширишдан мамнун бўлардим.

Маълумот ўрнида айтиб лозимки, Ўзбекистон ва Корея дипломатик алоқалари 27 йиллиги муносабатининг ёрқин намунаси бўлган санъат кечасида жами 75та асар намойиш этилди. Уларда, асосан, абстракт сюжетлар, корейс табиати,  қадим халқнинг ҳам замонавий, ҳам кўҳна  нафаси уфуриб турибди. 

Шу каби тадбирларнинг ташкил этилиши маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига туртки беради. Аммо ташаббусни фақатгина кўргазма доирасида эмас, балки кенгроқ ареналарда давом эттириш керак. Бунинг учун Ўзбекистонга ташриф буюрувчи ҳар бир хориж санъат вакилига ижод қилиш учун зарур шароитлар яратиш, ўзбек халқининг бой маданий меросини намойиш қилиш, замонавий тилда айтганда - «пиар» қилиш лозим. Ана шунда миллий туризм ривожланади, мамлакат имижи юксалади.

Мавзуга оид