Ўзбекистон | 22:00 / 25.11.2018
21393
3 дақиқада ўқилади

​Адлия вазири: «Ҳар бир мурожаат ортида инсон ҳаёти ва унинг муаммоси турибди»

Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар барчанинг диққат марказида бўлиб турибди. Қисқа давр ичида амалга оширилган ва режага киритилган ўзгаришлар ҳаётга татбиқ этилаётган пайт, улар ўрнатилган қонунлар доирасида амалга оширилмоқдами? Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов ушбу масала ва бошқа тегишли ислоҳотлар бўйича Kun.uz'га берган интервьюсида батафсил тўхталиб ўтган. 

Видео: Tasi-IX

Видео: You Tube

«Йиллар давомида Адлия вазирлигида жуда малакали мутахассислар шаклланган. Президентимиз томонидан олиб борилаётган шиддатли ислоҳотлар даврида ҳеч қайси вазирлик четда қолиб кетаётгани йўқ. Адлия вазирлиги бўлсин, бошқа ҳокимият тузилмалари ё қуйи бўғиндаги ташкилотлар бўлсин, уларнинг фаолияти ислоҳотлар бўйича ўзгармоқда», - дейди вазир.

Русланбек Давлетовга кўра, 2018 йил вазирлик фаолиятида «тарихий йил» бўлиб қолмоқда. Адлия тизимига тегишли 23та ҳужжат ишлаб чиқилиб, қабул қилинган. Шундан 10таси Президент томонидан тасдиқланган, соҳани ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлардир. 

«Адлия вазирлигининг 100 йиллик фаолиятида ҳали бўлмаган, туман даражасида Адлия бўлимлари ташкил этилди ва фаолияти йўлга қўйилди. Яъни биз бажараётган ишларни жойларга етказиш муаммо бўлиб келганди, ресурс етишмайди, фақат 20-25 нафар ходим вилоят бошқармасида ўтириб, жуда катта кўламли ишларни бажарган. Қуйи тузилмамиз халқ билан сайёр учрашувларни ташкил этмоқда, шу пайтгача 25894та мурожаат қабул қилдик. Бу фақат қоғоз эмас, бу фақат қандайдир мурожаат эмас, ҳар бир мурожаатнинг ортида инсон турибди, унинг ҳаёти ва муаммоси турибди», - дейди вазир. 

Маълум қилинишича, 25 мингдан ортиқ мурожаатнинг 16 мингга яқини жойларда ташкил этилган қабуллар давомида ўз ечимини топган. Адлия тузилмалари томонидан 16 мингдан ортиқ тақдимномалар, ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилди. Адлиянинг судларга қилган мурожаати натижасида 25 миллиард сўм миқдоридаги даъво аризалар қаноатлантирилди. 

«Бундан ташқари, бу йилги ўзгаришлардан бири - Давлат хизматларини кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Янги тизим 1 апрелда ишга тушди ва алоҳида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди», - дея эътироф этади Давлетов. 

Аввалроқ, Давлат хизматлари марказлари орқали 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса-да, ҳозирда ушбу хизматлар сони 100тага етди. Натижада жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра, жами 2 млн 600 мингта (94 996) давлат хизматлари кўрсатилди. Ушбу хизматлар 2017 йил мос даврига нисбатан 27 бараварга ортди.  

Вазирнинг айтишича, йил якунига қадар марказлар учун 50та замонавий бино фойдаланишга тайёрланмоқда. Шунингдек, 73та марказ биносини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш учун келишув имзоланган.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид