Ўзбекистон | 21:19 / 25.11.2018
8460
5 дақиқада ўқилади

Эксперт: Рақамлар билан ОАВда цензура йўқлиги исботланмайди

Ўзбекистонда цензура йўқлигини исботлаш учун рақамларни келтиришади. Аслида, ОАВ эркинлиги уларнинг ўзлари хоҳлаган мавзуни бемалол ёрита олишидадир. Human Rights Watch ташкилоти вакили Эндрю Стролин Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми доирасида KUN.UZ мухбирига берган интервьюсида шундай фикрни билдирди. 

22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан ташкил этилди. Форумни ёритишда иштирок этган KUN.UZ мухбири Инсон ҳуқуқлари бўйича айрим халқаро ташкилотлар вакилларидан қисқа интервьюлар олди. Хусусан, Human Rights Watch ташкилоти вакили Эндрю Стролин (European Media Director) қуйидаги саволларга ўз фикрларини билдирди. 

— Нима деб ўйлайсиз, жаноб Эндрю, Ўзбекистон ҳукумати ОАВ очиқлик даражасини ошириши учун қандай ислоҳотларни амалга ошириши керак? 

— Оммавий ахборот воситаларининг очиқлигини таъминлаш бу жуда муҳим масала. У босқичма-босқич амалга оширилиши лозим. Биринчи навбатда, шуни айтиб ўтиш керакки, бундан бир неча йил аввал қамоққа ташланган айрим журналистлар ҳозирда озодликка чиқарилган. Эндиликда, уларнинг руҳий ва жисмоний жиҳатдан ўзларини тиклаб олишларига кўмаклашиш, ҳукумат уларга қарши қўллаган чораси нотўғри бўлганини тан олиш даркор. Фақат шундагина, соҳанинг бошқа вакиллари, яъни журналистлар, фикрини очиқ баён қилгани учун қамоққа ташланмаслигига, бу каби ҳолат ўтмиш экани ва келажакда бошқа такрорланмаслигига ишонч ҳосил қилишади. 

Бундан ташқари, ҳукумат фақат рақамларга эътибор беришдан, статистика учун ишлашдан тийилиши керак. Чунки, айрим ҳолатларда, бизда саккиз юз, минг ёки икки мингта ОАВ бор деб, цензура йўқлигини шу билан исботламоқчи бўлишади. Аслида эса, ОАВ эркинлиги, уларнинг ҳеч нимадан хавфсирамасдан, ўзлари хоҳлаган мавзуни бемалол ёрита олишидадир. Агар бунга имконият яратиб берилса, журналистларда ўсиш бўлади. Улар халқ фикрини ўрганади, жамиятдаги ўзгаришларни муҳокама қилади. Бу эса, ўз навбатида, соҳа ривожига улкан ҳисса қўшади.

— Ўзбекистондаги журналистика сифати, унинг очиқлик даражасини қандай баҳолайсиз?

— Бу саволга, шу тобнинг ўзида тўғридан-тўғри жавоб бериш мен учун бироз қийин. Айтишим мумкинки, бу соҳада ўзгаришлар йўқ эмас. Бундан 16 йил муқаддам, «Уруш ва тинчлик» деб аталган ташкилотда ишлаб юрган кезларимда, Ўзбекистонга келгандим. Ўшанда ОАВ эркинлиги даражаси ҳам, сифати ҳам ҳозиргидан бирмунча яхши эди. Бироқ, бугунги кундаги ҳолат икки ёки уч йил олдингидан яхшироқ. Сезиларли ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда. Фикримча асосийси шу. ОАВ ҳақида гапирганда уларнинг сони ҳақида эмас, балки сифати, эркинлиги хусусида гапириш, уларни шу тамойилларга кўра баҳолаш керак. Бу каби мезон нафақат медиа воситалари учун, шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини баҳолаш учун ҳам қўлланиши мақсадга мувофиқ бўларди.

— Ўзбекистонда бир неча ўн журналист озодликка чиқарилганидан хабарингиз бўлса керак. Уларнинг ўзларини тиклаб олишлари, йўлини топиб кетишлари учун ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмагани ташкилотингиз ҳисоботида айтилди. Сизнингча, ҳукумат бу борада қандай йўл тутиши керак?

— Бу борада бир нечта чоралар қўлланиши мумкин. Масалан, биринчи навбатда, уларга нисбатан қўллаган жазо нотўғри бўлгани тан олиниши муҳим. Иккинчидан, уларга соғликлари тикланиши учун кўмаклашиш лозим. Уларга нисбатан бундай ёрдам тақдим этилиши, ҳам мамлакат ичкарисидаги ҳам мамлакат ташқарисидаги журналистлар учун ижобий чақириқ бўлади.

— Озодликка чиқарилган бирор журналист билан учрашдингизми?

— Йўқ, ҳозирча бунга имкон бўлмади. Чунки, ўн йил деганда Ўзбекистонга энди келиб турибман. 

— Буни режага киритганмисиз?

— Ҳа, кейинги бир неча кун мобайнида улар билан учрашиш, қамоқдан кейинги ҳаётга қайдаражада мослашганликларини, аҳволини ўрганишга уриниб кўрамиз.

Мавзуга оид