Сериаллар, мултфилмлар, филмлар ва қўшиқлар «маънавий экспертизадан» ўтказилади. Бу ҳақда Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов телеграм-каналида жойлаштирилган видеодан маълум бўлмоқда.
Қайд қилинишича, мутахассислар Ўзбекистон ва хорижда ишлаб чиқарилган оммавий ахборот воситаларининг давлат сиёсати, давлат рамзлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга мувофиқлигини ўрганади. Шунингдек, инсоний фазилатларга зид ахлоқсизлик ва одобсизлик тарғиботининг мавжудлиги ҳам текширилади.
Мутахассислар медиа-маҳсулотларнинг ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга таъсирини баҳолайди. Бундан ташқари, ёшлар тарбиясига, миллий урф-одатларга путур етказувчи медиа маҳсулотлари тарқалишининг олдини олиш чораларини кўради.
Бундай медиа маҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклиф киритилади.
Видеода мавзуга доир бошқа маълумотлар келтирилмаган.










