Хитойлик собиқ ўрдакбоқар қиз Apple учун сенсор экранлардан 7 миллиард доллар ишлаб олгани ҳақида
Ёшлигида Чжоу Цюнфэй ўрдак боққан ва шиша ишлаб чиқарувчи заводда кунига 1 доллар маош эвазига ишлаган. Айни пайтда у Хитойнинг энг бадавлат аёлларидан бири, деб ёзади Forbes Russia.
Чжоу Цюнфэй (Forbesʼнинг глобал рўйхатида 7,8 миллиард АҚШ долларига тенг бойлик билан 198-ўринда) 1970 йилда Хитойдаги кичикроқ Сянгсанг шаҳарчасида туғилган. У беш ёшлигидан онасидан ажралади, отаси эса кейинроқ ишлаб чиқаришда жароҳат олиб, бармоқлари ва кўзларидан айрилади. Чжоу ёшлигидан оиласининг яшаши учун ўрдакларга қараган. Лекин у ўқишга ҳам улгурган, бироқ 16 ёшида амакиси яшайдиган Шэнчжэн шаҳрига кўчиб ўтишга мажбур бўлишганида ўқишни ҳам ташлаган. Қизалоқ дизайнер бўлишни орзу қиларди, лекин соат учун шиша ишлаб чиқарувчи фабрикага ишга киришгагина муваффақ бўлади. У ерда қиз кунига 16–18 соатлаб ишлаб, линзаларни ялтирагунча сайқаллар ва кунига 1 доллар маош оларди. Бу фабрикани танлагани бежиз эмасди, унинг биноси Чжоу кечалари ўқишга борадиган университетнинг ёнида жойлашганди.
22 ёшида Чжоу соат шишасини силлиқлаш бўйича етук мутахассис бўлиб етишди, кунларнинг бирида у шу ишини фақат ўзи учун давом эттириши мумкинлигини англаб етди. Оиласи билан яшайдиган мўъжаз квартирада чинакам шиша саноати пайдо бўлди. Дастлабки ишчилари ўзининг қариндошлари эди. Чжоунинг ўзи станокларни созлар, шунингдек мураккаброқ, нозикроқ ишларни бажариш технологиясини ўрганиб борар эди. Хитойда бундай бизнесни йўлга қўйишнинг айни вақти эди — чунки ишчи кучи ривожланган давлатларга нисбатан арзон эди ва жаҳоннинг кўплаб компаниялари ишлаб чиқаришни аутсорсинг асосида Хитой компанияларига буюртма қиларди. Ишлаб чиқариш секин-аста кенгая борди ва орадан 10 йил ўтиб, Чжоунинг ўзи минглаб ишчиларга маош тўлай бошлади. Бу вақт ичида Хитойнинг ЯИМи реал ифодада 2,7 баробарга ошди. Лекин барибир мамлакат миқёсида Чжоунинг компанияси митти устахона янглиғ эди.
2003 йилда — соат учун таркибий қисмлар ишлаб чиқариш ҳамон Чжоунинг асосий бизнеси бўлиб турган чоғда бурилиш лаҳзалари рўй берди. Шу йили унга Motorola компанияси ўзининг байроқдор Razr V3 телефони учун шиша экран буюртма қилади. Телефон саноати энди-энди пластикдан шишага ўтаётган онлар эди. Чжоу буюртмани қабул қилди. Уни бажариш осон эмасди — хомашё етказиб берувчи 100 фоиз олдиндан тўлов талаб қилиб туриб олди. Уни тўлаш учун Чжоу ўз квартирасини сотишга мажбур бўлди. Алал-оқибатда Motorola ўзига зарур шишаларни қабул қилиб олди, Чжоу эса бозордаги бўш ўринни олдиндан кўра билиб Lens Technology компаниясига асос солди. Шундан сўнг Nokia ва HTCʼдан йирик шартномалар қўлга киритилди.
Аммо 2007 йилнинг 9 январи — Стив Джобс Appleʼнинг илк iPhone моделини тақдимотини ўтказган кун Чжоу учун юлдузли онлари бўлди — унинг сенсорли экранини Lens Technology тайёрлаб берган эди.
Шундан сўнг компания смартфонлар учун таркибий қисмлар ишлаб чиқарувчилар бозорида ҳақиқий етакчига айланиб олди — ишлаб чиқариш эса ҳамон ўсмоқда. Lens Technology мижозлари ичида Apple, Samsung, Huawei ва Tesla каби гигант компаниялар бор. Агар сиз технологик гигантлардан бирининг акциясига пул тикишни истасангиз-у, улардан қай бири Apple ёки Samsung ғолиб чиқишида иккиланаётган бўлсангиз, Lens Technology қимматбаҳо қоғозларини харид қилаверинг. Унинг тушумининг 75 фоизи мана шу икки компания буюртмалари эвазига шаклланади. Lens Technology 2015 йилда оммавийлашди, бироқ Чжоу хонимнинг ўзини IPOʻгача ҳеч ким танимасди. Акцияларни жойлаштириш муваффақиятли якун топди: компания ўзининг 10 фоизга оширилган акцияли капиталини 230 миллион АҚШ долларига пуллади. Қандайдир икки-уч ҳафталик савдолар мобайнида акциялар баҳоси феноменал тарзда ўсиб кетди — 208 фоизга.
Бугун Lens Technologyʼнинг капитализацияси 34 миллиард юан (қарийб 5 миллиард АҚШ доллари) га тенг. Чжоу хонимнинг бойлиги эса йил бошидан буён ривожланаётган давлатлар фонд бозорлари ва технология компаниялар котировкаларининг қулаши (Трамп тоғага раҳмат!) оқибатида 4 миллиард долларга камайди. Лекин мобил телефонлар ва Apple компанияси ҳеч қаёққа кетаётгани йўқ — одамлар телефонлардан тобора кўпроқ фойдаланишмоқда ва фойдаланиш давомида уларга етказилаётган энг асосий зиён экранларининг синишидир. Демак, Чжоу хонимнинг Хитойнинг энг бадавлат ўзи ишлаб чиқарувчи аёли статусини қайтариб олишга ҳали имконияти бор.
Чжоу хоним Lens Technology муваффақияти унинг янги мижозлари муваффақиятининг ҳосиласи эканлигини жуда яхши англаб турибди. Шунинг учун компания ўз бизнесини диверсификация қилишини — шиша, ёқут ва керамикадан премиал классдаги буюмлар ишлаб чиқаришини эълон қилди.
Чжоу ўзининг бутун дунёга танилган ҳамюрти Жек Ма йўлидан юрмасдан, панароқда бўлишни афзал билади. У билан интервьюни топиш жуда мушкул, у ҳақидаги батафсил маълумотларнику умуман учратмайсиз. Лекин Цюнфей ҳамон ўзи станокда ишлаши ва деразасидан ишлаб чиқариш цехи кўриниб турадиган Lens Technology офисида тез-тез ухлаб қолиши инобатга олинса уни севимли ишидан бўлак ҳеч нарса қизиқтирмаслиги аён бўлади. Гарчи, эри иккисининг Австралияда 10,8 миллион долларлик ҳашаматли уйи борлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалган бўлса-да. Лекин мана шу маълумотни ҳам эр-хотин ҳеч қаерда расман тасдиқлашмаган.
Мавзуга оид
11:28 / 10.11.2024
Дунё бўйлаб энг кўп сотилаётган смартфонлар номи маълум қилинди
21:56 / 08.11.2024
iPhoneʼнинг янги функцияси полициячиларнинг зарарига ишламоқда — ОАВ
22:30 / 02.11.2024
Apple Globalstar сунъий йўлдош компаниясига 1,5 млрд доллар инвестиция киритади
00:17 / 31.10.2024