Дунё миқёсида ҳар уч аёлдан бири зўравонлик қурбони бўлмоқда
Ҳозирги кунда дунё миқёсида ҳар уч аёлдан бири жисмоний ёки жинсий зўравонлик қурбони бўлмоқда. 750 миллионга яқин қиз 18 ёшга етмай, турмушга чиқмоқда. 200 миллион нафар хотин-қиз соғлиғига зиён етказадиган операцияларни бошидан ўтказмоқда. Одам савдоси қурбонларининг 71 фоизи – аёллар. Репродуктив ёшдаги аёллар орасида ўлим ҳолати ва ногиронликни келтириб чиқарувчи асосий сабаблардан бири – уларга нисбатан зўравонликнинг қўлланилиши. Kun.uz мухбири 26 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Уйдаги осойишталикдан дунёдаги тинчликка сари” деб номланган тадбир доирасида тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
Ҳар йили бутун дунё бўйлаб “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” номи остида кампания ўтказилади. Ушбу кампания аёлларга нисбатан зўравонлик инсон ҳуқуқларига зид ҳаракат эканини ифодаловчи фикр билан рамзий боғланган икки воқеа 25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш кунида бошланиб, 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида якунига етади. Ўзбекистонда ушбу кампания 2011 йилдан буён “Уйдаги осойишталикдан дунёдаги тинчлик сари” шиори остида муваффақиятли ўтказилмоқда.
Навбатдаги тадбирда БМТнинг Ўзбекистондаги Аҳолишунослик жамғармаси раҳбари Миеко Ябута, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Дэвид Спайерс, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан, Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев ва бошқа давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлар вакиллари қатнашишди. Улар оиладаги зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси, вазирликлар ва бошқа давлат органларининг уни амалга оширишдаги ўрни, шунингдек, қонунчиликни янада такомиллаштириш ҳамда уни жорий этиш бўйича халқаро ташкилотлар вакилларининг тавсияларини муҳокама қилишди. Мунозаралар давомида аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш соҳасидаги ижобий ютуқлар таъкидланди. Шунингдек, мавжуд камчиликлар ва амалга оширилиши керак бўлган вазифаларга эътибор қаратилди.
Тадбирда маълум қилинишича, аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш мақсадида “Маиший зўравонлик профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва у шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Ўзбекистон Президентининг махсус қарори билан аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масаласига эътибор қаратилди. Буларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Хотин-қизлар қўмитаси томонидан, биринчидан, қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, иккинчидан, ҳудудларда ижтимоий мослашув марказлари фаолияти йўлга қўйилди, айни дамда уларнинг сони 130 дан ошди, 2019 йилнинг I чораги охирига бориб эса, мамлакатнинг барча 200 туманида шелтерлар ишга туширилади. Барча марказлар ишларини мувофиқлаштирувчи Республика маркази фаолиятини ташкиллаштириш ишлари якунига етказилади.
Шунингдек давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари яхшилангани ва бунинг натижасида аёллар ўртасидаги жиноятчилик ҳолатлари 37 фоизга камайгани қайд этилди.
Бундан ташқари, Хотин-қизлар қўмитаси томонидан зўравонликнинг олдини олиш мақсадида 1146 қисқа рақами ва қизлар учун тиббий мақсадларда хизмат қилувчи 1003 махсус рақами ишга туширилгани эслатиб ўтилди.
Тадбир давомида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари мавзусига диний томондан изоҳ бериб, Салим қори Қодировнинг мавзуга оид “Аёлни эъзозлаган дин” китобини тақдим этди.
Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев бугунги кунда тизимда таълим олаётганларнинг 50 фоизи қиз болалар экани ва тизимда гендер тенгликка риоя қилинаётганини таъкидлаб, сўнгги икки йилда таълим тизимида юз берган ўзгаришларга тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, 11 йиллик таълим тизимига ўтилиши вояга етмаганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг камайишига олиб келган. Кенжаев шунингдек зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мактаблардаги психологлар штатлари кенгайтирилгани ҳамда уларнинг маоши оширилганига эътибор қаратди.
“Америка овози” журналисти Навбаҳор Имомова тадбирга муносабат билдирган ҳолда, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда энг аввало қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодий масалаларни ҳал қилиш кераклигига эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади, зеро бу қатор муаммоларни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан эканини қайд этди.
Сўнгги вақтларда Facebook ижтимоий тармоғида ўз ўқувчиларига эга бўлиб бораётган “Не молчи” гуруҳи вакили ҳам қатнашиб, келаётган мурожаатлар ва аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига эътиборни кучайтириш зарурлиги, бу борада ўзбек тилидаги ресурсларнинг етишмаслигини таъкидлади. Шу ўринда аёл залда йиғилганларга қарата мурожаат қилди: “Орангизда ҳаёти давомида бирор марта зўравонлик ҳолатлари ёки таҳқирликка учрамаган аёллар бўлса, қўл кўтаринг”. Залдагиларнинг аксарияти аёллар бўлишига қарамай, бирор аёл қўл кўтармади...
Демак, деярли барча аёллар – кимнингдир онаси, синглиси ё турмуш ўртоғи ҳаёти давомида хўрлик, зўравонликнинг бирор кўринишига дуч келади. Шундай экан, бу ҳақида жиддий ўйлайдиган вақт келгани аниқ, бу эса бир-икки давлат ташкилоти билан ҳал қилинадиган муаммо эмас, унинг ечими барча давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда жамоатчилик вакилларининг ҳамжиҳатликда кенг қамровли иш олиб боришини талаб қилади.
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
20:57 / 31.10.2024
Суданда 130 аёл жинсий зўравонликдан қутулиш учун ўз жонига қасд қилди
09:30 / 23.10.2024
Болаларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:57 / 12.10.2024