Ўзбекистон | 19:10 / 29.11.2018
10952
2 дақиқада ўқилади

​Ўзбекистонда йўлдош газлардан электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда

Ўзбекистонда йўлдош газлардан электр энергия ишлаб чиқариш усули қўлланилмоқда. Бу ҳақда «Ўзнефтгазқазибчиқариш» АЖ Углеводородларни қазиб чиқариш ва газни қайта ишлашни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шавкат Улуғов маълум қилди. 

«Электр энергия ишлаб чиқариш бўйича Қашқадарёда бир нечта лойиҳалар амалга оширяпти. Булардан Қоратепа, Сарбон конларида йўлдош газлардан электр энергия ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шу билан бирга, ҳавога чиқарилаётган газлар қайта ишланмоқда», - дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари. 

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раисининг ўринбосари Одил Темировнинг айтишича, Ўзбекистон бой углеводородлар захирасига эга ва бу келажакда узоқ йиллик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини беради. Марказий Осиёдаги углеводород захираларининг 1/3 қисми Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. 

«Ҳозирги, асосий мақсадларимиздан бири - углеводородни чуқур қайта ишлаб, ундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун инвестицияларни жалб этиш», - дейди у. 

Маълум қилинишича, 2018 йилда Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш ҳажми 61 млрд кубометрни ташкил этиши кутилмоқда. Бу 2017 йилга нисбатан 5,2 млрд.га кўпдир. Минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва такрор ишлаб чиқариш дастурини амалга ошириш бошланганидан буён (2017 йил ва 2018 йилнинг 10 ойи) углеводороднинг саноат оқимлари олинадиган 10та янги нефть ва газ кони очилди. 

Бу йил компания 14та инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Хусусан, Бухоро вилоятида «ЛУКОЙЛ» (Россия) билан ҳамкорликда газни қайта ишлаш заводи комплекси қурилиши ва Қандим конлар гуруҳини ривожлантириш ишлари тугалланди.

Мавзуга оид