Ўзбекистон | 08:30 / 30.11.2018
9317
5 дақиқада ўқилади

Олий cуд судьяси: "Авваллари судларимиз эшиги ёпиқ эди"

Фото: Pinterest

Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров судьялар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мактаби, тизим олдидаги масалалар ҳақида Kun.uz'га муносабатини билдирди. ​

«Ҳаммага маълум судья бўлиш учун юристлар малакасини ошириш марказида 3 ой ўқиши лозим. Кейин судьяликка тайинланади. Энди судьялар тайёрловчи ва малакасини оширувчи махсус мактаб ташкил этилади. Уни нима деб номланиши ҳозирча номаълум. Бу бўйича таклифларни тайёрлаяпмиз. Ривожланган давлатлар тажрибаси ҳам бундай даргоҳни талаб қилади. Кореяда ташкил этилган бундай мактабда судья бўламан деган юристлар 3 йил таҳсил олади. Шу давр ичида битта чет тилини ўрганиб чиқиш мажбурий.

Судьяларни танлаш, тайинлаш масаласи бундан кейин ҳам муҳимлигича қолади. Ташкилий ишлар Судьялар комиссияси томонидан амалга оширилган бўлса, Конституцияга ўзгартириш киритилиб, Судьялар олий кенгаши тузилди. Энди бу орган конституцион орган мақомини олди.

Ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари доирасида амалга оширилмоқда. Оддий бир ўзгариш натижасини қаранг. Авваллари терговга қайтариш институти бор эди. Судга жиноят иши келади. Камчилиги борми, айби тасдиқланмадими? Терговга қайтариб юборар эди. Бунга барҳам берилгандан кейин, 9 ой ичида 590 киши судда оқланди.

Бундай ислоҳотлардан бири бевосита қамоқ жазоси билан боғлиқ. Аввалари, бу жазо енгил турдаги жиноятларга тайинланар эди. Масалан, алиментга буни тайинланиши мантиқсизлик эди. Буни тайинлаб нима ўзгарарди, аксинча муддат ўтиб алимент миқдори яна ҳам ошган. Ҳозир буни бекор қилганмиз.

Муқаддам дастлабки терговни муддати энг кўпи 1 йил бўлган бўлса, энди 7 ойга қисқартирилди.

Эҳтиёт чоралари сифатида қамоққа олиш ҳақида илтимоснома бериларди. Илгари буни қаноатлантириш ёки рад этилиш масаласи кўрилар эди. Янги қоида бўйича судга илтимосномани кўриб чиқиб бошқа чораларни қўллаш ҳуқуқи берилди.

Олий суд томонидан назорат тартибида кўриб чиқилишига асос сифатида фақат Бош прокурор ўринбосарлари, Олий суд Раиси ва ўринбосарлари протестлари келтириларди. Ҳозирда Олий суд судьяси келган шикоятни ким томонидан берилганидан қатъий назар, кўриб чиқади ва хато аниқласа ўзининг ажрими билан назорат тартибида кўриб чиқаверади. Олдин прокурор протести ишни кўришга асос бўларди, адвокатнинг шикоятига эса рад жавоби бериб қайтариб юборилар эди. Назорат тартибида кўрилаётган ишларнинг ўртача 70% га яқинига нуқта қўйиляпти. Шундай вақтда ишлаганмиз 100 та ишдан 5-10 тасига нуқта қўйилса қўйилган. Қолганларини қайта кўришга жўнатиларди.

Кореялик ҳамкасбларимиз электрон судларни жорий қилишди. Сабаб сифатида фуқаролар судга келиб овора бўлмаслиги кўрсатилган. Энди бизда ҳам бу институтни жорий қилиш режалаштирилмоқда. Фуқароларимиз судга келиб овора бўлишмасин. Улар ўз касблари билан шуғуллансин. Судни интернет орқали олиб боришни йўлга қўямиз. Шунингдек, суд жараёнини ҳар қандай одам интернет орқали кўриш имкониятини яратишни кўзлаганмиз.

Судлар фаолиятидаги шаффофлик масаласига келсак. Олдин судларимиз эшиги ёпиқ эди. Журналистлар билан гаплашгани қўрқар эдик. Бугун очиқ. Ҳаттоки, ўзимиз илтимос қиляпмиз. Шу ишни ёритайлик - ҳуқуқбузарлик камайсин, деяпмиз.

Камчиликлар қаторида васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятида сезиларли муаммолар бор. Оддий мисол, меҳрибонлик уйидагиларнинг ота-оналари фарзандини топшириб юборган, лекин оталик ёки оналик ҳуқуқидан воз кечмаган. Шу сабабли, қатор муаммолар кузатилмоқда, яъни бошқа фарзанд асраб олишни хоҳловчилар бу болани олиша олмаяпти. Бола ҳам рози улар билан кетишга, лекин қонунчилик йўл қўймайди. Биологик ота-оналар ҳуқуқидан воз кечмаган. Бундан ташқари, тиланчилик қилаётган болаларни кўп кўрамиз, уларнинг нега бу иш билан шуғуланаётганини ҳеч ким сўрамайди. Васийлик ва ҳомийлик қилиш органи бориб буни суриштириши керак.

Фуқаролик туманлараро судларини ҳам ўзгартиришни режа қилганмиз. Ҳар бир туманда ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Суд учун бошқа туманга борса, низо билан юрган одамга бу ҳам оғирлик қилади», - дейди у.​​

Мавзуга оид