Жаҳон | 23:56 / 02.12.2018
72927
4 дақиқада ўқилади

Президент кўз ёшлари ва G20 саммитида кузатилган бошқа қизиқ ҳолатлар 

Буэнос-Айресдаги “Катта йигирматалик” саммити ўз ниҳоясига етди. Халқаро учрашув йирик давлатлар етакчилари иштирокидаги қизиқ воқеалар билан анча вақт эсда қолса, ажабмас.

Қуйида саммитда юз берган бундай воқеалар келтирилган.

Қизиқ воқеалар G20 давлатлари етакчилари кутиб олинган аэропортдаёқ бошланган. Хитой делегацияси кутиб олиниши вақтида Си Цзиньпинга аталган “Хуш келибсиз” сўзлари делегациянинг бошқа аъзосига айтилган. Германия канцлери Ангела Меркелга самолёти бузилиб, Буэнос-Айресга оддий рейсда боргани сабаб бундай қабул умуман насиб қилмаган.

Франция президенти Эммануэль Макрон ва унинг рафиқаси Буэнос-Айресга вақтида етиб келишган бўлса-да, уларни трап олдида Аргентина расмий шахсларидан ҳеч ким кутиб олмаган. Кейинроқ маълум бўлишича, бундай дипломатик хижолатбозликка Макроннинг вакиллари сабабчи бўлишган. Улар Аргентина вакилларига трап олдига боришга сигнални кечикиб беришган.

Умуман Макроннинг саммитдаги иштироки ноқулай вазиятларга анча бой бўлди. Унинг Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан кулуарлардаги суҳбати видеога тушиб қолган ва турли мунозараларга сабаб бўлган. 

“Безовталанма”, деб Макронни юпатишга ҳаракат қилган валиаҳд шаҳзода суҳбат давомида. “Мен безовталанмаяпман. Мен ташвишланмоқдаман... Мен сенга айтувдим-ку”, деб айтган Макрон шаҳзодага ва “Сен мени ҳеч қачон эшитмайсан”, деб таъна ҳам қилиб қўйган. “Йўқ, мен сени албатта эшитяпман”, деб жавоб қилган шаҳзода.

Макрон маъмуриятида ушбу ҳолат юзасидан интернетда пайдо бўлган турли кинояларга чек қўйиш мақсадида Макрон валиаҳд шаҳзода билан суҳбатда журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши ва Ямандаги вазиятдан ташвиш билдиргани маълум қилинган.

Шунингдек, журналистлар Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп суратга тушиш маросимида бир-бирлари билан сўрашишмаганига эътибор қаратишган. Суратга тушиш вақтида эса уларнинг иккиси махсус подиумнинг турли томонларида туришган. 

Фото: Reuters

Суратга тушишдан кейин Путин музокаралар залига йўл олиб, ўз ўрнини эгаллаган. Трамп эса ундан бир неча метр нарироқдаги ўриндиққа жойлашган. Улар бу ерда ҳам бир-бирларини эътиборсиз қолдиришган.

Бироқ Путин Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасини анча қизғин қаршилаган. Улар бир-бирларини кўриб, эски қадрдонлардек кенг табассум билан бир-бирларига “беш ташлашган”.

Трамп ва Аргентина президенти Маурисио Макри иштирокида яна бир антиқа ҳолат юз берган. Трампга Макри нутқи вақтидаги таржима ёқмай, у синхрон таржима қабул қилгичини ерга ташлаган ва “Мен таржимадан кўра, сиз ўз тилингизда нима деяётганингизни яхшироқ тушундим”, деб пичинг қилиб қўйган.

Шунингдек, саммит меҳмонлари учун аталган “Колон” театридаги тантанали кеча ҳам ҳис-ҳаяжонсиз кечмади. Театрда Аргентинанинг турфалиги ҳақида сўзловчи 40 дақиқалик саҳна асари кўрсатилган. Шунда Аргентина президенти финал аккорддан кейин ўзини тутолмай, кўзларига ёш келган. Кейинроқ у твиттерда бу Аргентина ва унинг халқи учун фахр туйғуси бўлганини таъкидлаб ўтган.

Мавзуга оид