Ўзбекистон | 21:33 / 07.12.2018
19768
4 дақиқада ўқилади

«Ўздавкарантин»: 120 минг тонна зарарланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва 10,5 миллион зарарланган кўчатнинг Ўзбекистонга кириши олди олинди

Ўтган 11 ой давомида Марказий карантин лабораториясига импорт қилинаётган маҳсулотлардан 44 041 намуна экспертизадан ўтказилди. 85 та ҳолатда 10 турдаги карантин зарарли организмлари аниқланиб, 120 минг тонна зарарланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва 10,5 миллион дона зарарланган кўчатнинг ҳудудга кириб келиши олди олинди. 7 декабрь куни  «Ўздавкарантин» инспекцияси томонидан ўтказилган “Фитосанитар хавфсизликни таъминлаш – мамлакат экспорт салоҳиятини оширишнинг долзарб омили” мавзусидаги матбуот анжумани доирасида шу ҳақида маълум қилинди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирни  «Ўздавкарантин» инспекцияси бошлиғи И.К. Эргашев очиб берди. Унинг сўзларига кўра, Президентнинг соҳани ривожлантиришга қаратилган 1 та фармони, 5 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори қабул қилинди ва 5 та Низом тасдиқланди. Шу билан бирга, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири тақдим этилди, 8 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Тадбирда инспекторларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида уларнинг моддий-техник таъминоти тубдан яхшиланаётгани таъкидланди. Коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ходимларнинг иш ҳақи бир неча баравар оширишга муваффақ бўлингани айтилди. Шу ўринда инспекторларнинг махсус кийим-бош билан таъминланаётгани қайд этилиб, формалар намойиш этилди.

И.К.Эргашевнинг таъкидлашича, Президент қарори билан карантин инспекторлари учун рейтинг тизими тасдиқланди. Энди инспекторлар соҳадаги ислоҳотлар ҳақида ойда бир марта оммавий ахборот воситалари орқали маълумот беришлари керак бўлади.

Шунингдек, 2019 йилда Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида замонавий карантин лабораториялари фаолияти йўлга қўйилиши таъкидланди.

Тадбирда тез орада Ўзбекистонга Япония ва Корея Республикасининг замонавий ускуналарини олиб кириш, хизматларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш режалаштирилгани таъкидланди.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда маҳсулотларни экспорт ва импорт қилиш бўйича талаб этиладиган барча сертификатлар, карантин рухсатномалари халқаро стандартларга мослаштирилди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жами 120 та ўсимликлар клиникалари ташкил қилинган.

Илгари тадбиркорлардан 6 турдаги ариза талаб қилинган бўлса, бугунга келиб 100 фоиз электрон шаклда ариза олиш тизими шакллантирилди.

Бундан ташқари, «Ўздавкарантин» ва «Россельхознадзор» вакиллари Ўзбекистондаги ўсимлик маҳсулотларини Россияга етказиб беришда фитосанитария назорати бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга оид музокаралар ўтказди. Унга кўра божхона расмийлаштируви ва фитосанитар назорат қилиш тартибини тезлаштириш учун томонлар Россиянинг 7 та ҳудудида, яъни Оренбург, Свердловск, Новосибирск, Челябинск вилояти ва Москва вилоятининг 3 та ҳудудида “Яшил йўлак” очиш бўйича келишувга эришдилар.

Тадбирда маълум қилинишича, 2018 йил бошидан шу кунга қадар Ўзбекистонга олиб кирилаётган 120 минг тоннадан ортиқ импорт қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан 35 мингга яқин намуналар олиниб, 44 хил турдаги ўсимликлар карантинидаги хавфли зарарли организмлар аниқланди ва уларнинг мамлакат ҳудудига кириши олди олинди. Жами 536 ҳолатда 29 турдаги зарарли организмлар аниқланди ва улар зарарсизлантирилди ёки келган давлатга қайтарилди.

Сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатнинг экспорт салоҳияти яхшиланишига эришилди. Жумладан, қатор музокаралардан кейин Хитой ва Жанубий Корея карантин хизматлари томонидан бу давлатларга гилос, мош ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун рухсат берилди. Бунинг натижасида Хитойга – 442 тонна гилос ва 20 380 тоннадан ортиқ мош маҳсулотлари, Жанубий Кореяга – 1310 тонна гилос экспорт қилинди.

Эргашевнинг сўзларига кўра, «Ўздавкарантин» инспекцияси фаолияти учун 9 дона “Дамас VAN”, 33 та “Дамас” автомобили, 25 дона хизмат ва навбатчи автомобиллар, 15 та кўчма лаборатория машинаси, 168 та фумигация камераси, 167 дона мотоцикл, 158 та дала сумкаси ва 200 та компьютер жиҳозини харид қилиш режалаштирилган.

 

Мавзуга оид