Жамият | 12:20 / 08.12.2018
31508
8 дақиқада ўқилади

«Ёзда бу ердаги ҳидга чидаб бўлмайди». Чинозликларнинг салкам чорак асрлик муаммоси

Халқнинг давлат ташкилотларига ишончи, кутаётган умидлари ҳеч қачон сўнмайди. 18 йилдирки, Чиноз аҳли шундай орзу-умидлар билан яшаб келмоқда.

Kun.uz таҳририятига Чиноз тумани ҳудудидаги антисанитар ҳолат бўйича такрорий мурожаат келиб тушди. Чинозда бизни «Ёввош» маҳалласи оқсоқоли Қалман Эргашев кутиб олди. Муаммо ичимлик суви ва канализация масаласида эди.

«Бу ерда муаммо шундан иборатки, кўп қаватли уйлардан чиқаётган канализация чиқиндилари ва ичимлик суви аралашиб кетмоқда. Бу сувлардан томорқаларимизни суғоряпмиз. Шунга мажбурмиз. Аҳоли шу ерда етиштирилган мевалар, сабзавотлардан истеъмол қилмоқда. Ёзмаган жойимиз қолмади. Ҳеч ким эътибор қаратмаяпти. Муаммонинг асл сабаби шундаки, 50-60 йиллик қувурлар чириб ёрилмоқда. Натижада ҳамма жой расво, ҳамма жой бадбўй ҳид билан тўлган. Ҳеч нарса тизимга солинмаган. Ҳозир қиш мавсуми бўлгани сабабли ҳид унчалик сезилмаяпти. Ёзда бу жойда туриб бўлмай қолади. Юқори ташкилотларга ёзган эдим, 1-2 км ҳудуддаги жойни тозалаган бўлишди. Кейин ишлар чала қолиб кетди. Ахир бу ҳолат таъсирида бизда ҳар хил юқумли тери касалликлари тарқалиб туради. Аёллар ва ёш болаларнинг юзларига яра тошиб кетган. Текширувлар қоғозда қолиб кетяпти. Ишлар бажариляпти дейишади. Мана бажарилган ишлар. Ўзингиз кўринг вазиятни», — дейди мўйсафид.

«Бадбўй боғча»

Мурожаатчи ўз сўзларининг исботи тариқасида хароб ҳолатдаги жойларни кўрсатди. Шундай жойлардан бирига ҳаттоки янги болалар боғчаси ҳам қурилаётган экан. Аҳоли бу боғчани «бадбўй боғча» деб номлашга ҳам улгурибди. Батафсилроқ ўрганиш учун маҳалла фаолларидан бўлган Насиба Тўраева билан суҳбатлашдик.

«Ўзи бу жойларда аҳоли эски канализациялар сабабли жабр тортмоқда. Камига бу жойда болалар мактаби ҳам бор. Бу ҳам етмагандек энди боғча ҳам тушяпти», — дейди жонкуяр аёл.

Mover'да кўриш

Youtube'да кўриш

«Иморатларимизни қайтадан соляпмиз»

Шундан сўнг, туманнинг бошқа муаммоли ҳудуди томон йўл олдик. Лекин, очиғини айтиш керак, аҳоли вакиллари масала юзасидан беҳафсала муносабатда бўлишди. Чунки ҳудудга кўп марта ташрифлар бўлган, лекин бундай текширишлар доимо бир хил якунланган. Тўғрироғи, натижа мутлақо бўлмаган.

Хонадонлардан бирининг эгаси Бахтиёр Холмуродов вазиятни қуйидагича изоҳлади. «Уйимнинг ўртасидан мана шу ифлосланган сув оқади. Ҳидини сезиб турибсиз. Чидаб турадиган даражада эмас. Ёнимиздаги кўпқаватли уйлардан чиқаётган чиқиндилар сувга қўшилиб бизнинг маҳалладан ўтади. 18 хонадон ўртасидан ўтади. Ҳозир қиш. Лекин ҳалиям пашша бор. Уй шифтига қоқилган кўм-кўк пластик материаллар ҳозир қоп-қора тусга кирди. Ёш болалар касал бўлиб қолади. Тез ёрдам чақирган кунларимиз ҳам бўлди. Янги тушган келинлар кетиб қолган вақтлар ҳам бўлди. Ташқаридан келган одам бу ҳидга чидолмайди-да», — дейди у.

Шундан сўнг, маҳалланинг бошқа вакиллари билан суҳбатлашдик.

«Уйимизда ёз вақти умуман ўтириб бўлмайди. Бу ердаги пашшалар чақса яра қилмай қўймайди. Ҳаммада аллергия келтириб чиқарди. Тез-тез ётиб даволаняпмиз. Қиш келса каламушлар кўпайиб кетади. Шу даражага келдики, қурган иморатларимиз қулаб ҳам тушди»,  — дея таъкидлади Собира Бектошова.

«Мен иморат қиламанми, болаларимга тўй қиламанми? Янги келиним ҳам касал бўлиб қолди. Бу ердаги кўпчиликнинг ички касалликлари бор. Менинг ҳам жигарим, буйракларим касал бўлиб кетди», — дейди Ҳасановлар оиласи вакили.

«Бу ерда каламушлар кўпайиб кетган. Уйимизнинг ичигача кириб олган. Шунга чидолмай бошқа жойдан уй олиб кўчиб кетдик. Уйда ўзи икки ногирон яшаймиз. Аҳволимизни янада ёмонлаштиряпти», — дейди Жамол Сатторов.

«20 йилдан бери шу азоб. Ҳеч ким дардимизга қулоқ солай демайди. Тоза сувни Сирдарёдан олиб келиб ичамиз», — дейди суҳбатга аралашган Карима Муҳаммадқулова.

Масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Муҳаббат Тўхтаева томонидан депутатлик текшируви ўтказилиб, «Чиноз ҳаёти» газетасида танқидий мақола ҳам чиқарилган. Бироқ, олий вакиллик органи депутати томонидан берилган таклифлар «ҳавога совурилган».

Сўз мутасаддиларга

Туман ҳокимияти биносига кириб келганимизда бу ерда қандайдир йиғилиш ўтказилаётган экан. Фуқаролардан сўрасак, «Шифокорлар қасамёди» бўлмоқда, ҳоким ҳали-бери бўшамайди», дейишди. Тадбир узоқ давом этиши ҳақида огоҳлантиришган бўлса-да, кутишга қарор қилдик.

Маълум вақтдан сўнг, ҳоким билан учрашишга муяссар бўлдик. Туман раҳбари бизни хонасига очиқ мулоқотга чорлади. Ҳоким хонасида Уй-жой коммунал хизмати вазирлигининг мутахассислари иштирокида мурожаатчилар вакили билан мулоқот бошланди.

«Қўлимда 2021 йилгача бўлган дастур турибди. Бунинг ичида қилинадиган ишлар қамраб олинган. 36 миллиард сўмлик дастур бор. Ҳаммаси ўйлаб чиқилган. Аста-секинлик билан қиламиз ҳамма ишларни. Бу масалада бир дақиқа ҳам тинганимиз йўқ. Бир дақиқа унутганимиз ҳам йўқ. Чунки, Чинознинг ҳаёт-мамоти шу канализация. Канализация яхши бўлса, кейин кўпқаватли уйлар қурамиз. Кейин инвестиция жалб қиламиз. Орада кўп муддат бу жойлар қаровсиз қолган», — дея ҳақиқатни тан олди туман раҳбари.

Вазирлик мутасаддилари ушбу режалар нималардан иборат эканлигини бирма-бир тушунтириб беришди. Тошкент вилоят Сувоқова ДУК директор ўринбосари Фахриддин Самуков шундай деди: «Ҳозирча молиявий манбалар бўлмагани боис бу ишлар кейинги йилдаги дастурга киритилган. 68та кўпқаватли уйнинг барчаси қамраб олинган. Фаза-3 деб аталган дастур «Осиё тараққиёт банки» томонидан амалга оширилади. Бунга 7та шаҳар киритилган. Шундан биттаси Чиноз шаҳри».

«Осиё тараққиёт банки» координатори, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддиси Чори Тиллаев бизга тушунтириш бериб ўтди: «Бу ишлар кичик ишлар эмас. Сиз айтган масалани биз жойига бориб ўрганайлик. Мутахассислар кўриб чиқиб, сарфланадиган материалларини ҳисоблашсин».

«Бу ишни ўзимизча чамалаб айта олмаймиз. Малакали мутахассислар кўриши лозим. Битта сайёр ишчи гуруҳ қилиб жойига борамиз», — дея қўшимча қилди Тошкент вилояти Сувоқова ДУК директор ўринбосари Абдусодиқ Исаметов.

Ваъдалар...

Масалани моҳиятан таҳлил қилиб шуни биламизки, бу дастурдаги режалар  кичик ишлар эмас. Тошкент вилояти Сувоқова ДУК директор ўринбосари муаммони ҳал қилишга жиддий киришди ва ён дафтарига тушириб қўйди.

Муаммони ҳал этиш барибир очиқлигича қолди. Ҳоким, вазирлик мутасаддиларининг ваъдалари қай даражада амалга ошади, буни ҳеч ким билмайди. 20 йил кутган бу аҳоли яна умид қилаверади. Машина овозини эшитиши заҳоти ўзини кўчага ураверади. Зора, бу сафар ҳукумат вакиллари келса-ю, бизни бу азобдан қутқарса деб кўзлари тўрт бўлиб кутаверишади, сабр қилаверишади.

Ижодий гуруҳимиз билан маҳаллий аҳолининг ҳам мусаффо ҳаводан баҳраманд бўлишини, фарзандлари юқумли касалликларга чалинмай соғлом юришини ва масъул идоралардан рози бўлиб яшашини тилаб қоламиз.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Мухбир - Баҳодир Аҳмедов

Оператор – Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид