Ўзбекистон | 21:40 / 10.12.2018
8615
3 дақиқада ўқилади

Давлат-хусусий шериклик асосида йўлларда интеллектуал видеокамералар ўрнатилади

Вазирлар Маҳкамасининг «2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳукумат қарорида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий йўл инфратузилмасини ташкил этиш соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланмоқда.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик қуйидаги шартларда амалга оширилиши белгиланмоқда:

  • йўл ҳаракати мониторинги ва интеллектуал видеокамераларнинг интеграциялашган тизимларини жорий этиш учун бериладиган йўл участкалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади;
  • йўл ҳаракати мониторинги ва интеллектуал видеокамералар тизими «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплексга интеграция қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига уланган бўлиши, шунингдек, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги видеомаълумотлар ва бошқа маълумотлар онлайн режимида узатилишини таъминлаши керак;
  • пуллик автомобиль тўхташ жойлари ва пуллик автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланишдан тушадиган маблағларнинг 30 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми — маҳаллий бюджетга тушади ва у мақсадли равишда йўл инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади ҳамда камида 70 фоизи туташ ҳудуднинг автомототранспорт воситалари билан тўлиши ҳамда тўлов автоматлари ва ахборот тизимлари ўрнатилган автомобиль тўхташ жойларининг функционал имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда хусусий шерикнинг ҳисоб рақамига тушади.

Шунингдек, ўрнатилган интеллектуал видеокамералар ёрдамида аниқланган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жарималар суммасининг камида 20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказилади, 20 фоизи — йўл инфратузилмасини ривожлантиришга мақсадли йўналтирилган ҳолда маҳаллий бюджетга тушади, 30 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига, йўл ҳаракати интенсивлиги ва интеллектуал камераларнинг имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда 30 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми — хусусий шерикнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид