Ҳатто экзотик жойларга ташриф буюрмаган бўлсангиз-да, табиат инсонга кутилмаган совғалар тортиқ қилишга қодир эканини билсангиз керак. Қуйида айнан шундай нарсалар ҳақида сўз юритилади. Бугунги кунда дарахтларнинг 60 мингдан ортиқ турлари маълум. Уларнинг орасида нон, сут, совун ва ҳатто колбаса дарахтлари ҳам бор. Бу мақолада сайёрамизнинг турли жойларида ўсадиган энг ғаройиб дарахтлар тўғрисидаги кўплаб қизиқарли фактларни билиб оласиз.

Нон дарахти

Энг ғаройиб дарахтлардан бири — нон дарахти. У тропик мамлакатларда ўсади, бироқ унинг ватани Янги Гвинея ва Океания ҳудуди саналади. У ҳақида бор-йўғи XVII асрда инглиз денгизчилари сабаб билишган. Денгизчилар маҳаллий аҳоли ғаройиб дарахт мевасини нон ўрнида ейишини ҳайрат билан кузатишган. Ана ўшанда матрослар ўсимликнинг кўчатини олиб кетиб, ўз ўлкаларида ҳам экишган. Бироқ бундан яхши натижа чиқмади. XVIII асрда уни Ямайкада ўстиришга муваффақ бўлишди. Мазкур ўсимлик мевалари қулларни боқишдаги асосий маҳсулотга айланди.

Нон дарахтининг пояси ва шохлари йўғон. У жуда тез ўсади ва баландлиги 25 метрга ҳам етиши мумкин. Меваларининг узунлиги 30-35 сантиметрга, вазни эса 4-5 килограммга тенг. Ташқи кўриниш жиҳатидан қовунга ўхшаб кетади. Нон дарахти бир неча ойлар давомида сувсизликка чидаши ва Цельсий бўйича 40 даража иссиқ ҳароратни ҳам кўтариши мумкин.

Қизиқарли жиҳати, бу ғаройиб дарахт йилига 9 ой давомида мева беради. Етмиш йил давомида ҳар йили битта дарахтдан 600-700 та мева олинади. Юқорида айтиб ўтилганидек, нон дарахти мевалари кулинарияда ҳам қўлланилади: у қовурилади, қайнатилади, ун каби янчилади ва хомлигича истеъмол қилинади. Таъмига кўра картошкани ёдга солади.

Шунга қарамай, улар жуда тез айнийди. Шунинг учун уни қисқа вақт ичида еб тугатишга тўғри келади. Бироқ у қуритилса, анча узоқ сақланади.

Дарахтнинг қолган қисмлари хўжаликда кенг қўлланилади: барглари билан уй ҳайвонлари боқилади, уруғи эса қовурилади.

Сут дарахти

Бу дарахт — ўта ғаройиб. Уни «бросиум» ёки «сигир дарахти» деб ҳам аталади. Бугун уни Жанубий ва Марказий Америкада, шунингдек Осиё мамлакатларида ҳам учратиш мумкин. У кўпинча 30 метргача ўсади. Дарахт номининг ўзиёқ  суюқлик ишлаб чиқаришини англатади. Айнан шунинг учун ҳам мазкур дарахт етиштирилади. Бошқа ўсимликлардан фарқли равишда унинг сути заҳарли эмас, аксинча фойдали ҳамда таъми ёқимли.