Ўзбекистон | 21:00 / 11.12.2018
18771
3 дақиқада ўқилади

Депутатлар эътирози ва танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди 

Кеча, 10 декабрь куни ҳукумат томонидан киритилган “2019 йилга бюджет-солиқ сиёсати Концепцияси ва 2020-2021 йилларга прогноз мўлжаллари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига сабаб бўлгани ва лойиҳа муҳокамаси кечиктирилгани хабар қилинганди. Парламент қуйи палатасининг бугун, 11 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ушбу қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилди.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, қонун лойиҳасининг номи “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” деб ўзгартирилган.

“Қонун лойиҳасида Солиқ кодексининг 22-моддасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлагандан кейин хусусий корхона мулкдори, оилавий корхона иштирокчиси ҳамда фермер хўжалиги ихтиёрида қоладиган даромадларидан олинадиган дивидендлардан солиқ ушлашни бекор қилиш таклиф этилган эди. Депутатларнинг талаби билан амалдаги тартиб сақлаб қолинди. Яъни кўрсатиб ўтилган субъектларнинг дивидендига солиқ солишни назарда тутувчи норма олиб ташланди”, дейилади хабарда.

Хабарга кўра, солиқ тўловчиларни паспортлаштириш тартиби ҳам соддалаштирилган. Эндиликда паспортлаштириш жараёни ҳар йили эмас, балки уч йилда бир маротаба ўтказилиши белгиланди. Шунингдек, солиқ тўловчиларни паспортлаштириш натижасида тузилган далолатнома солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашга асос бўлишига доир норма, шунингдек, бу жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини жалб этишга оид норма чиқариб ташланди. Паспортлаштириш жараёни тадбиркорларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашувларни назарда тутмайди.

“Мавзули экспресс ўрганишлар”, “Хронометраж кўздан кечириш”, тафтиш ўтказиш, текшириш сингари солиқ назоратининг шакллари қайтадан кўриб чиқилиб, янада такомиллаштирилган. Аммо хабарда бу такомиллаштириш нималардан иборат эканлиги ҳақида батафсил маълумот берилмаган.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тасарруфидаги ҳудудий бўлинмалар ва унитар корхоналарнинг харажатларини ҳудудлар бюджетлари ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилган. Лекин Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тасарруфидаги ҳудудий бўлинмалар ва унитар корхоналарнинг харажатларини амалдаги республика бюджетларидан молиялаштириш тартиби сақлаб қолинган. Бунга “оммавий ахборот воситаларининг “тўртинчи ҳокимият” ўлароқ, иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятларга боғланиб қолмаслиги ҳамда юз бераётган жараёнларга холисона муносабат билдириши зарурати” сабаб қилиб кўрсатилган.

Мавзуга оид