Барча таълим олиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистонда ҳам бу қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Қолаверса, бугунги кунда, таълим тизимини янада ривожлантириш мақсадида қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аммо Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида таълим тизими билан боғлиқ нохуш ҳолатлар ҳам сақланиб қолмоқда. Kun.uz таҳририятига келиб тушган навбатдаги мурожаат мактабдаги қониқарсиз шароитлар ҳақида.

Мурожаат мазмунига кўра, Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги Тарнов қишлоғида бошланғич синф ўқувчилари 1950-йилларда масжид сифатида барпо этилган, айни пайтда авариявий ҳолатга тушиб қолган бинонинг иккита хонасида таълим олишмоқда.

30-мактабнинг филиали сифатида фаолият кўрсатаётган мазкур бинода 1-4 синфларнинг жами 61 нафар ўқувчиси ўқишмоқда. Бино ўтин ва кўмир ёрдамида иситилади. Ўқувчилар бош кийимларини ечмасдан ўтиришибди. Давомат яхши.

Асосий мактабгача бўлган энг яқин йўл роппа-роса 2,5 километрни ташкил этади. Қишлоқнинг юқори синф ўқувчилари «Пичоқчи» маҳалласидаги икки қаватли замонавий бинода таълим олишади.

30-ўрта мактаб директори Абдураҳмон Асроровнинг айтишича, мактабнинг асосий биноси ҳам таъмирга муҳтож. Собиқ иттифоқ даврида қурилиши бошланган бино 1998 йили ҳашар йўли билан битказилган. Айни пайтда 640 ўринли мактабда 491 ўқувчи бир сменада таълим олмоқда. Айрим синфхоналарда пол қилинмай қолиб кетган. Электр тизими монтажи ҳам таъмирга муҳтож.
Мактабнинг асосий биноси ҳам, «Тарнов» маҳалласидаги филиали ҳам 2019 йилги давлат дастурига тушган, деб айтди мактаб директори.
Tas-IX
YouTube





















