18:00 / 12.12.2018
16165

«Барса» «Тоттенҳэм»нинг «қулоғидан тортди». ЕЧЛда тур ўйинлари

Каталонияликлар охирги тур ўйинида «Тоттенҳэм»га қарши захира таркибни туширишди ва Мессисиз қолган мезбонлар Дембеленинг битта голи билан кифояланиб, меҳмонларни плей-оффга «қулоғидан тортиб» олиб чиқишди.

B гуруҳи
«Барселона» (Испания) - «Тоттенҳэм Ҳотспур» (Англия) - 1:1 (1:0)
Голлар: Дембеле, 7 (1:0). Лукас Моура, 85 (1:1).
«Барселона»: Силлессен, Семеду, Лангле, Фермален, Миранда, Артур, Аленья, Ракитич (Бускетс, 46), Дембеле (Суарес, 76), Эл-Ҳаддодий (Месси, 63), Коутинью.
«Тоттенҳэм Ҳотспур»: Льорис, Уокер-Питерс (Ламела, 61), Алдервейрелд, Фертонген, Роуз, Эриксен, Уинкс (Льоренте, 83), Сиссоко, Алли, Сон Хин Мин (Лукас Моура, 71), Кейн.
Огоҳлантиришлар: Уокер-Питерс, 15. Семеду, 68.
Ҳакам: Мажич (Сербия).
11 декабрь. Барселона. «Камп Ноу» стадиони.

Усмон Дембеле – ҳозирги «Барселона» таркибидаги энг қизиқ футболчи. Бир томондан 21 ёшли футболчининг голлари жамоага очколар келтирса (у бир ўзи кўк-анорранглиларга ички чемпионатда 7 очко келтирган), бошқа томондан бутун Испания (балки дунё) уни масъулиятсизлиги учун қоралайди.

Ноябрь ойида у бир неча марта жамоа машғулотларини ўтказиб юборди, унга телефон қилиб туша олишмади, бир неча марта машғулотга 1,5-2 соат кечикиб келган футболчи уйқусираган кўзларини ишқалаб, қорни оғриб қолгани ҳақида айтди. Аслида унинг ҳеч қаери оғримаган, у фақат видеоўйинларга «касал бўлган»ди.

Эрнесто Вальверде жазо сифатида уни «Бетис»га қарши ўйинга заявка қилмаганди. Жамоа ўз уйида 3:4 ҳисобида ютқазди. Кейинги турда эса француз футболчиси «Атлетико»га қарши ўйинда 80-дақиқада захирадан майдонга туширилди ва қўшимча дақиқаларда гол уриб, дуранг натижани (1:1) таъминлади.

Ўтган шанбада эса кўк-анорранглилар «Эспаньол»ни йирик ҳисобда таслим этишди (4:0), Дембеле Суаресга голли пас бериш билан бирга, ўзи ҳам голлардан бирига муаллиф бўлди. Лекин у кейинги куни эрталабки машғулотларга икки соат кечикиб келди.

Бу сафар Вальверде унга интизомий жазо қўлламади. «Дембеле билан содир бўлган ишлар, мен билан ҳам содир бўлган. Ҳа, лекин унчалик кўп эмас», деди «Тоттенҳэм»га қарши ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Вальверде. 

Мураббий ишончига миннатдорчилик сифатида Дембеле ажойиб гол урди - ўз жамоаси жарима майдони яқинида тўпни эгаллаб олган футболчи тезликни ошириб, рақиб ҳимоячиларидан бирини алдаб ўтиб, Льорисни ҳам доғда қолдирди.

Бу гол Дембеле учун жорий мавсумда тўққизинчиси бўлди. «Барселона»да ундан кўпроқ голни фақат Месси урган. 

Шу кунларда танқидларга кўмилган ёш футболчини собиқ жамоадоши Иньеста қўллаб-қувватлаб чиққанди: «Хулоса қилишга шошилманглар. Ҳамма ҳам хато қилади, жазо ҳамиша ҳам ечим эмас. У клуб учун жуда муҳим футболчи». Дон Андреснинг сўзлари ҳавога учмади. Дембеленинг бундай ўйинлари учун унинг камчиликларига кўз юмиш мумкин.

«Барселона»нинг захира таркиби - Месси, Суарес ва Бускетс йўқ бўлган таркиб, фақат Силлессеннинг маҳорати эвазига устунликни сақлаб турганди. Иккинчи рақамли дарвозабон бўлиш - санъат. Тер Штегеннинг ўринбосари бўлиш - икки карра санъат. Нидерландиялик посбон ўз дарвозаси томон учган ҳар тўпни илиб олаверди, «шпорлар»ни камида 3-4та яққол голдан маҳрум қилди. Аммо охирги дақиқаларда Моуранинг яқин масофадан берган зарбаси қаршисида ожиз қолди.

«Тоттенҳэм» гуруҳдан чиқишни жуда истаганди. «Интер»дан кўпроқ истади. Маурисио Почеттино жамоаси гуруҳ босқичи стартида пароканда бўлиб кетганди, 3 ўйинда 1 очко қўлга киритилганди. Аммо Лондонда «Интер» устидан қозонилган ғалаба барчасини ўзгартирди. Лучано Спаллетти ЕЧЛ плей-оффида ўйнашни кейинга қолдиришга мажбур.

Плей-оффга «Барса» билан бирга «Тоттенҳэм» йўл олди. Баҳорда Дембеле вақтида ухлаб, вақтида уйғонгани маъқул. У машғулотларга вақтида келса, қандай ўйнаркин...

«Интер» – ПСВ – 1:1 (Икарди, 73 – Лосано, 13).

Миланликлар клуби охирги тур арафасида шундай вазиятда эдики, барчаси уларнинг ўзига боғлиқ эди. 6 йиллик танаффусдан кейин ЕЧЛга қайтган «Интер» плей-оффга чиқиши учун охирги турда «Барселона» меҳмони бўлган «Тоттенҳэм»дан яхшироқ натижа қайд этиши кифоя эди. Қолаверса, Лучано Спаллетти жамоаси охирги турда ҳеч қандай мотивацияси бўлмаган «ПСВ»ни қабул қилди. Аммо нидерландияликлар еврокубоклардаги имкониятдан - ўз футболчиларини реклама қилиш имкониятидан фойдаланиб қолиши керак эди. Эйндховенликларнинг шундай футболчиларидан бири - Лосано. ЖЧ-2018 турнирида илк турда Германия дарвозасини ишғол қилиб, юлдузга айланган мексикалик ҳужумчи 13-дақиқадаёқ италиялик мухлисларни шок ҳолатига туширди.

«Интер» бу голдан кейин кўп вақтгача рақиб жарима майдонига тўпни олиб киролмади. Фақат 73-дақиқага бориб, Икарди ҳисобни тенглаштирди. Бу вақтда параллел кечаётган учрашувда «Тоттенҳэм» ютқазаётганди, аммо миланликларнинг қувончи узоққа бормади, бироз вақт ўтиб, «Камп Ноу»даги ўйинда Лукас Моура ҳисобни тенглаштирди ва аргентиналик ҳужумчининг ҳаракатларини йўққа чиқарди. Энди «Интер»га фақат ғалаба керак эди, аммо яна бир голга вақт етмади.

«Интер» Чемпионлар лигасидаги иштирокини якунлади, шу билан бирга жамоа баҳорда Европа Лигаси фаворити сифатида ўйинларга қўшилади. Бу турнир ғолиблиги кубок билан бирга, ЕЧЛга йўлланма тақдим этиши ҳисобга олинса, ҳали барчаси тугагани йўқ.

«Монако»нинг антирекорди ва «Атлетико»нинг бўшашиши
A гуруҳи
«Монако» – «Боруссия» Д – 0:2
 (Рафаэл Геррейру, 15, 88).

Ўйинга бир кун қолганида «Монако» вирусга чалинган Александр Головинни йўқотди ва Тьерри Анри яна таркибни қайта тузиб чиқишга мажбур бўлди. Головин монегаскликларнинг лазаретдаги 13-футболчиси бўлди. Бу ўйин сифатига таъсир кўрсатмай қолмасди. 

Уикендда «Шальке»га қарши Рур дербисида қийинчилик билан ғалаба қозонган «Боруссия» бош мураббийи Люсьен Фавр ҳам жиддий ротациялар ўтказди - ўша ўйиндаги 9 футболчи захирада қолдирилди. Янгиланган таркиб эса ўзини кўрсатди - 15-дақиқадаёқ португалиялик ҳимоячи Рафаэль Геррейру ҳисобни очди.

Шундан кейин мезбонлар пенальтидан ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Аммо ўйин ҳаками Крейг Поусон тўп Диаллонинг қўлига текканини «кўришни истамади». Чемпионлар лигасида видеотакрорлар ҳали жорий қилинмаган. «Боруссия» дарвозаси томон биринчи бўлимдаги ягона зарба танаффус арафасида Фалькао томонидан берилди, лекин дарвозабон Хитц бу зарбани осонлик билан бартараф этди.

Иккинчи бўлимда ҳам ўйин картинаси ўзгармади. Иккинчи бўлимда ҳам Геррейру битта гол урди.

Ҳакамнинг ўйин якунлангани тўғрисидаги ҳуштаги чалингач, «Монако» антирекорд ўрнатди - жамоа Чемпионлар лигасидаги энг ёмон натижасини қайд этди. Монегаскликлар 6 ўйинда атиги битта очко олишди (икки мавсум олдин юлдузли таркиби билан ярим финалда ўйнаган жамоа ўтган мавсумда Леонерду Жардим бош мураббийлигида гуруҳ босқичини 2 очко билан якунлаганди).

«Брюгге» – «Атлетико» – 0:0.
Майдон эгалари илк дақиқаларданоқ олдинга чиқишди. Аммо бу кўп давом этмади. Биринчи бўлимнинг иккинчи ўн дақиқалигидаёқ «Атлетико» ташаббусни ўз қўлига олиб бўлганди. Тўпга эгалик қилиш борасидаги устунлик ўйин охирига қадар меҳмонларда сақланиб қолди. Аммо мадридликлар гол уришга ҳаракат қилишмади. Рақиб бунинг учун жазолаши ҳам мумкин эди, вазиятлардан бирида Переснинг яқин бурчакка берган зарбасини Облак қайтариб қолди.

Ўйинда гол урилмади, бу натижа эса Диего Симеоне жамоасини биринчи ўриндан маҳрум қилди. Энди «матрасчилар» плей-оффда нисбатан кучлироқ рақибга дуч келишади.

C гуруҳи
«Црвена Звезда» – «ПСЖ» – 1:4 
(Гобелич, 56 – Кавани, 9. Неймар, 40. Марькинос, 74. Мбаппе, 90+2)

«Црвена Звезда» ўз майдонида «Наполи» билан дуранг ўйнаган ва «Ливерпуль» устидан ғалаба қозонганди. Аммо Владан Милоевич шогирдлари учинчи уй учрашувида сенсация қила олишмади.

Серблар Килиан Мбаппе ва Неймарнинг тезкорлиги ҳамда дриблинглари қаршисида ожиз қолишди. Яқиндагина жаҳоннинг энг яхши ёш футболчиси сифатида тақдирланган француз ҳужумчиси дастлабки дақиқалардаёқ Каванининг гол уришига имконият яратиб берди. Кейинроқ Неймарни қулай вазиятга чиқарди. Иккинчи бўлимда Маркиньос учинчи голни урди, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Мбаппенинг ўзи ҳам номини таблога ёздириб қўйди. Париждаги ўйинда 6 гол ўтказган «Црвена Звезда» Белградда ҳам 4та гол қабул қилиб олди.

Касильяснинг юбилейи
D гуруҳи
«Галатасарой» – «Порту» – 2:3
 (Фегули, 45+1, пенальтидан. Дердийок, 65 – Фелипе, 17. Марега, 42, пенальтидан. Сержиу Оливейра, 57).
Истанбулдаги ўйингача «Порту» гуруҳдаги биринчи ўринни нақ қилиб қўйганди. Майдон эгалари эса Европа Лигасида ўйнаш учун бу ўйинда очко олишга ҳаракат қилиши керак эди.

Ўйин бошида Дердийок бир неча голли вазиятлардан фойдалан олмади. «Аждарлар» теза жавоб қайтаришди - Фелипе «Галатасарой»нинг собиқ футболчиси Теллеснинг пасини голга айлантирди. Биринчи бўлим охирида ўйинни бошқарган беларуслик ҳакам Алексей Кульбаков иккита пенальти белгилади. Дастлаб Марега жамоаси устунлигини оширди, бироз ўтиб Фегули ўйиндаги интригани қайтарди.

Танаффусдан кейин Дердийок барибир мақсадига эришди ва ҳисобни тенглаштирди. Аммо меҳмонлар учинчи голни ҳам уришди. Фегули эса ўйиндаги учинчи пенальтини голга айлантира олмади. 

Лекин туркиялик фанатлар хафа бўлишмади, параллел кечган учрашув охирида «Шальке» «Локомотив»га гол урди ва қолган вақт ичида москваликлар ғалабага эришиши имконсиз эди. Бу эса истанбулликлар жамоасига Европа Лигаси йўлланмасини тақдим этарди.

Кульбаковнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштаги «Порту» дарвозабони Икер Касильясни ЕЧЛда 100та ғалабали ўйин ўтказган футболчига айлантирди. У собиқ жамоадоши Роналдудан кейин иккинчи бўлиб бу натижага эришган футболчидир.

«Шальке» – «Локомотив» – 1:0 (Шепф, 90+1)

«Порту» «Локомотив» учун нима қилиб бериши мумкин бўлган бўлса, барчасини қилди. «Галатасарой» дарвозасига урилган учинчи голдан кейин Сёмин жамоаси олдинга ташланиши ва ғалаба учун ҳаракат қилиши лозим эди. Турклар ўз майдонида очко ололмаслиги кўриниб турганди.

Аммо биринчи бўлим охирида Денисов яққол голли вазиятни қўлдан чиқарди. Ўйиндаги ҳал қилувчи вазият шу бўлди. «Локо» иштирокидаги бошқа эпизодлар эпизодлигича қолди. Икки Миранчук ҳам ҳаракат қилди, Игнатьев ҳам яхши ўйнади. Аммо немислар ўз мухлислари қаршисида мағлуб бўлишга рози эмасди. Темирйўлчилар дош бера олишмади, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Шепф москваликларни дурангдан ҳам маҳрум қилди. Энди «Галатасарой»нинг мағлубияти ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасди. Фақат португаллар қўшимча мукофот пулларига эга чиқишган бўлса, турклар шу мукофот пулларидан маҳрум бўлишди.

Россиянинг амалдаги чемпионлари гуруҳ босқичидаги 5та ўйинда мағлубиятга учради. Ҳатто ўлим гуруҳидаги «Црвена Звезда» ҳам 2 ўйинда мағлуб бўлмасликка эришди.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top