19:00 / 12.12.2018
28251

Kun.uz'да янги лойиҳа — Тупроқнинг дўсти. Балиқчи ҳақиқатлари

Орамизда шундай инсонлар борки, улар бутун ҳаётини меҳнатга бахшида қилган. Катта бир лавозим эгаси бўлмаса-да ўз амаллари, қилаётган эзгу ишлари орқали жамият ривожига ҳисса қўшишга бор диққатини қаратишган. 

Аммо бундай инсонлар доим ҳам диққат марказимизда, жамият эътиборида бўлавермаслиги, гоҳо уларнинг борлиги-да ёдимиздан кўтарилиб кетиши мумкин. Биз назарда тутаётган ана шундай инсонлар, касб эгалари қаторида қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил этади.

 Айнан қишлоқ хўжалиги соҳасининг заҳматкаш инсонлари, деҳқон ва фермерларимиз сабабли бугун устимиз бут, дастурхонларимиз тўкиндир.

Kun.uz сайти ўзининг янги, “Тупроқнинг дўсти” лойиҳаси орқали совуқни совуқ, иссиқни-иссиқ демай меҳнат қилаётган ва ана шундай заҳматли фаолияти натижасида дастурхонларимиз тўкинлиги учун маҳсулот етказиб бераётган қишлоқ хўжалги ходимлари билан учрашиб, уларнинг инсоний кечинмалари, орзулари, иш жараёни, шунингдек, соҳани ривожлантиришдаги таклифларини ёритиб боришга бел боғлади.

Видео: Youtube.com

Видео: Tas-IX

 

Лойиҳамизнинг биринчи сонини Тошкент вилояти Чиноз туманидан, балиқчиликка ихтисослашган “Усмонов Фарҳод файз” фермер хўжалиги даласидан тайёрладик. Лойиҳани тасвирга тушириш жараёнида фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Усмонов билан самимий суҳбат қурдик.

Фарҳод Усмонов ўзининг балиқчиликка асосланган фермерлик фаолиятини 2008 йилда 2 га ли кичик кўл барпо этиш орқали бошлаган. Деярли 18 йилдан буён хўжаликда халқ дастурхони учун балиқ махсулотларини етиштириб келмоқда. 

 

Балиқчи фермер Фарҳод Усмонов билан қилган суҳбатимиз турли мавзуларда, самимий руҳда кечди. Суҳбат асносида фермерлик, жумладан, балиқ етиштириш, бу соҳанинг ўзига хос машаққатлари, завқли жиҳатлари, фермернинг ўй хаёллари-ю орзу истаклари ҳақида билиб олдик. 

Суҳбат якунида фермерга куч-қувват, эзгу амалларида ривож тилаб хайрлашдик. Айтганча, ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистонда декабрь ойининг иккинчи якшанбаси “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” сифатида нишонланиши белгиланган. Лойиҳа орқали биз ҳам ўз умрини халқ фаровонлиги учун бахшида этаётган барча бободеҳқонларимизни кириб келаётган касб байрами билан муборакбод этамиз.

Top