FAO: Европа ва Марказий Осиёда 20 млнга яқин киши тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда
Европа ва Марказий Осиёда 14 млндан кўпроқ катталар ва деярли 5 млн бола етарли миқдорда овқат емасликдан азият чекади. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ўз докладидаги маълумотларга иқтибос келтирган ҳолда хабар берди. 2015 йилдан 2017 йилгача ушбу минтақадаги 20 млнга яқин одам озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслигидан азият чеккан.
“Биз минтақанинг ҳар бир кишисида тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш имконияти бўлишига эришмоқчимиз. Бунга эришиш учун аҳолининг турли гуруҳлари орасидаги вазиятни яхшироқ ўрганишимиз ва ночорлик, иқтисодий ва ижтимоий тенгсизлик, ихтилофлар ва бошқа кўплаб муаммоларни ҳал қилишимиз керак”, деб айтган доклад муаллифи Ариэлла Глинни.
Таъкидланишича, Марказий Осиё давлатларида тўйиб овқат емайдиганлар сони 2016-2017 йилларда кўпая бошлаган, Кавказ, Марказий Осиё ва Европанинг собиқ иттифоққа кирган давлатларида тўйиб овқат емасликдан эркаклардан кўра кўпроқ аёллар азият чекади. “Бу минтақада гендер тенглик борасида жиддий муаммо мавжудлигидан дарак беради. Жинсидан қатъий назар, барча одамларга зарур озиқ-овқатни таъминлаш учун барча даражаларда чоралар кўришимиз лозим”, деб таъкидлаб ўтган Глинни.
Докладда, шунингдек, ортиқча вазн, семизлик ва озиқа моддаларининг етишмаслиги муаммоларига эътибор қаратилган. Бу муаммолар у ёки бу даражада минтақанинг барча давлатларида мавжуд. Миллионлаб одамлар хафақонликка олиб келувчи микроэлементлар етишмаслигидан ҳамон азият чекмоқда. Бу касалликлар туғуруқ ёшидаги аёллар орасида борган сари тарқалмоқда. Минтақадаги 200 млн киши, бу эса минтақанинг катта ёшли аҳолисининг чорак қисми демакдир, айни вақтда семизликдан азият чекади, бу эса тиббий хизмат кўрсатиш тизимига катта юклама бўлади.
FAO мутахассисларининг фикрича, ривожланиш учун имкониятлар манбаси миграция бўлиши мумкин. Охирги йилда меҳнат мухожирлари томонидан уйларига жўнатилган пуллар миллионлаб одамларга ночорлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўлмаган ҳолатдан чиқишга ёрдам берган. Ушбу минтақада 2017 йилда пул ўтказмалари оқими 44 млрд долларга баҳоланган.
Миграция қилувчи аёллар ва ёшлар сони кўпаймоқда. Бу ҳолат минтақадаги кўплаб давлатларда ишсизлик сабабли юз бермоқда. Европа ва Марказий Осиёдаги халқаро муҳожирларнинг 52 фоизини аёллар ташкил қилади, бу эса ижтимоий ва оилавий динамика учун муҳим оқибатлар касб этади.
Мавзуга оид
20:54 / 11.11.2024
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
16:34 / 08.11.2024
Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин
10:10 / 04.11.2024
WP: Европа Трамп даврида АҚШ билан «муносабатларни узиш»га тайёрланмоқда
15:24 / 03.11.2024