Жаҳон | 16:34
2559
2 дақиқада ўқилади

Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин

Россия президентининг таъкидлашича, кўпчилик минтақада Россия ва Хитой ўртасида «тўқнашув ёки келишмовчилик» бўлишига умид қилган эди, аммо бу амалга ошмади.

Фото: РИА Новости

Россия Марказий Осиё мамлакатларида барқарорлик ва ривожланиш бўлишини истайди ва бу Россиянинг ушбу минтақа билан алоқаларини ривожлантиришга тўсқинлик қилмайди, деди Владимир Путин халқаро «Валдай клуби» йиғилишида.

Россия президентининг таъкидлашича, кўпчилик минтақада Россия ва Хитой ўртасида «тўқнашув ёки келишмовчилик» бўлишига умид қилган эди, аммо бу амалга ошмади.

«Агар Хитой келиб бу иқтисодларга ёрдам берса, бу иқтисодий ҳамкорлик натижасидир, ички сиёсий жараёнлар ҳам барқарорлашади, Россия бундан фақат манфаатдор. Биз у ерда барқарор муҳит ва барқарор ривожланиш бўлишини истаймиз. Шунинг учун у ерда рақиблик йўқ, фақат ҳамкорлик бор», деди у.

Владимир Путиннинг қўшимча қилишича, бу Россиянинг Марказий Осиё билан анъанавий алоқаларини ривожлантиришга тўсқинлик қилмайди. Минтақа давлатлари «бизнинг алоҳида алоқаларимиз»ни қадрлайди. Унинг қайд этишича, Марказий Осиёда давлатчилиги жуда ёш, иқтисодиёти жиддий ривожланишни талаб қиладиган давлатлар бор. У ерда демографик жараёнлар кучаймоқда.

«Биз барқарор муҳит ва барқарор ривожланиш бўлишини истаймиз. Бу бизнинг манфаатларимизга ҳам мос келади. Шунинг учун у ерда рақиблик йўқ, ҳамкорлик бор. Бу эса дунёнинг ушбу минтақаси билан анъанавий алоқаларимизни ривожлантиришга тўсқинлик қилмайди. Асрлар давомида Россия империяси ва Совет Иттифоқи таркибида бўлган Марказий Осиё давлатлари алоҳида алоқаларимизни, контактларимизни нафақат эслайди, балки қадрлайди. Бу барчага фақат фойда келтиради», деди Россия раҳбари.

«Валдай» халқаро мунозара клуби 2004 йилда ташкил қилинган бўлиб, сиёсатшунослик, иқтисод, тарих ва халқаро муносабатлар соҳасидаги етакчи хорижий ва россиялик экспертларнинг бирлашмаси ҳисобланади.

Мавзуга оид