Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эксперт: Миллий телерадиокомпанияни хусусийлаштириш вақти келган
Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган семинар-тренингга таклиф этилган соҳа мутахассислари ҳозирги кундаги муаммолар ҳақида тўхталиб ўтишди. Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев ҳуқуқий журналистика соҳасидаги камчиликларга эътибор қаратди.
«Ҳозирги кунда оммавий ахборот воситалари фаолияти ривожланиб бормоқда. Аммо, камчиликлар етарли. Мисол тариқасида, ҳуқуқий журналистика масаласида оқсоқликлар кузатилмоқда. Биз ҳозир ҳам юридик, ҳам журналистик билимга эга кадрларга муҳтожмиз. Адлия вазири айтиб ўтганидек, ярим йилда 41 минг фуқаро жавобгарликка тортилгани ҳам ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб турибди. Бу етарли малака ва билим йўқлигидан далолат беради. Аввало, журналистларнинг малакасини оширувчи марказ ташкил этиш лозим. Бизда бундай институт мавжуд эмас. Профессионал ишлаш йўқ. Бугунги кунги холислик ва тезкорлик бўйича фикримни сўрасангиз. Мен ёмон деган бўлардим», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов блогерликнинг ҳуқуқий асослари бўйича нутқ сўзлади ва эътиборни соҳадаги камчиликларга қаратди.
«Нашрларда ҳозир кимдир кимнидир пичоқлагани, кимдир бошқасини зўрлагани ҳақидаги салбий хабарлар ҳам кўп берилмоқда. Ташқаридан қараганда, жиноятчилик авж олгандек тасаввур пайдо бўлади. Бироқ, жиноятчилик даражаси ортмаган. Шунчаки, шундай хабарлар кўп тарқалмоқда», деган у.
Журналистларни қайта тайёрлаш маркази эксперти Ёқутхон Маматова ахборот тарқатиш масъулияти ва жавобгарлиги бўйича йиғилганларга маъруза қилиб, журналистикадаги қатор муҳим ҳолатлар ҳақида сўз юритди.
«Президент ўз маърузасида журналистлар танқидий материаллар ёзмаслиги ҳақида айтиб ўтилди. Танқид қилса, ривожланиш бўлади. Бироқ, буни ҳамма турлича тушунади. Танқид қандай бўлиши керак? Танқид конструктив бўлиши керак. Журналист ўзи ҳамма жойдан айб қидириб юради. Шунинг учун уларни ҳамма ёқтирмайди. Бу Америкада ҳам шундай, бизда ҳам шундай. Аслида биз давлатнинг ғояларини трансляторларимиз», деди соҳа эксперти.
Шундан сўнг, журналистлар билан савол-жавоблар ўтказилди.
Kun.uz мухбири Миллий телерадиокомпаниянинг хусусийлаштирилиши эҳтимоли бўйича берган саволига жавобан экспертлар «бунинг вақти келгани»ни таъкидлаб ўтишди.
«Оммавий ахборот воситаларига бозор муносабатларини киритиш лозим. Ҳозир бу масала телеканалларда қаттиқ кун тартибига қўйилган. Уларнинг фаолияти, ходимлар маоши, молиявий трансформация масаласи жуда муҳим ва ходимларнинг ўзлари ҳам бунга тайёр бўлиши лозим. Ҳозир у ерда жудаям оғриқли масала бўлаётганини телевидение вакиллари жудаям яхши билади. 2019 йилда бу даргоҳда катта ўзгаришлар бўлиши мумкин», деган экспертлардан бири.
Маълумот учун, айни вақтда давлатга қарашли Миллий телерадиокомпания таркибида 15та телеканал мавжуд.