Light | 18:36 / 15.12.2018
10731
5 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда савдони қандай йўлга қўйиш мумкин?

«Одам тўпланадиган жойда савдо қиламиз» — савдо-сотиқ неча асрлардан буён мана шу тамойил асосида олиб борилади. Шу сабабли сотувчилар харидор излаб интернетга ўтишмоқда. Ўн йил аввал барча ўз сайти бўлишига ҳаракат қиларди. Эндиликда эса бу етарли бўлмай қолди. Мобиль трафикнинг ўсиши мижоз смартфонидан жой олиш учун йирик компанияларнинг ўз иловаларини яратишларига олиб келди. Мижозлар кўп вақтини ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда ўтказишяптими? Демак, уларга ҳам жойлашиб олиш керак. Аммо буни ҳамма ҳам уддалай олмайди. Ижтимоий тармоқдаги тижоратда тўғри жой танлаш учун бу бозорда нималар юз бераётганини билиш керак. «Яндекс.Касса» ва Data Insight бу борада тадқиқот ўтказди. Бу ҳақда Forbes ёзмоқда.

Фото: Pixabay

Ижтимоий каналлардаги савдо ҳажми 

Ижтимоий каналларда нималар сотилади? Энг кўп сотиладиган маҳсулотлар кийим-кечак ва пойабзал ҳисобланади. Бу маҳсулотларнинг савдо ҳажми йилига 100 миллиард рублдан ортиқ. Иккинчи ўринда электроника ва маиший техника, учинчи ўринда эса кўчмас мулк ижараси бўйича хизматлар туради.

Мессенжерлар: бошланиши секин, марра эса юқори

B2C савдо соҳасида ишлайдиган ва ижтимоий каналлардан фойдаланмайдиган корхоналар электрон тижорат бозори қатнашчиларининг тўртдан бир қисмидан ҳам камроқни ташкил этади. Ўз маҳсулот ва хизматларини таклиф этадиган 76 фоиз компания ижтимоий каналлардан фойдаланса, сотувчиларнинг 94 фоизи аллақачон ижтимоий тармоқларни эгаллаган. Барча ижтимоий каналларнинг маҳсулот ва хизматларини интернет орқали сотадиган компаниялар тушумидаги улуши ўртача 40 фоизга етган.

Энг юқори ўсиш суръати мессенжерларда. Улардан фойдаланадиган сотувчиларнинг 74 фоизи савдода ўсиш бўлганини қайд этишган. Ҳозирча кўпчилик мессенжерлардан мижозлар билан мулоқот қилишда фойдаланади (89 фоиз компания), 41 фоизи мессенжерлар орқали маҳсулотларини фаол сотади, 39 фоизи мижозларга таклифлар жўнатади. Ҳозирда сотув ҳажмининг тахминан 5,6 фоизи мессенжерларга тўғри келмоқда. Микробизнесда эса интернетдаги тушумнинг 8 фоизи мессенжерлар улушига тегишли.

Фото: Pixabay

Ижтимоий тармоқлар: маҳсулот намойишидан тўловларга

B2C ва С2С сотувчилар орасида энг оммабоп ижтимоий тармоқ «ВКонтакте» ҳисобланади. Ундан ўз маҳсулот ва хизматларини сотиш учун сотувчиларнинг 11,2 фоизи фойдаланади. Сотувчиларнинг 6,5 фоизи Instagram, 4,7 фоизи Facebook’дан фойдаланади.  

Сотувчиларнинг 57 фоизи ижтимоий тармоқлардаги сотув майдончаларидан фойдаланади. Масалан, уларнинг 46 фоизи ўз аккаунтларида маҳсулотлар намойишини ўтказишади. 32 фоизи эса мижозлар билан мулоқот учун чатлардан фойдаланади. Атиги 9 фоиз сотувчилар эса ижтимоий тармоқ орқали тўловни жорий этишган.

Мижоз Instagram’дан фойдаланадиган бўлса, унга ҳамма нарсани – савол-жавоб қилиш, буюртма бериш, тўловни амалга оширишни шу ернинг ўзида бажариш қулай. Ижтимоий тармоқдан чиқиб сайтга ёки мобиль банкка ўтиш, тўловни амалга ошириш вақтни олади. Аммо ҳозирча 5 фоиз компания бевосита ижтимоий тармоқнинг ўзида онлайн-тўлов қабул қилишни режалаштирмоқда. Бунинг сабаби – сотувчиларнинг бу технологиялардан унчалик хабардор эмасликлари. 

Масалан, аксарият интернет-магазинлар ҳалигача харидордан махсус ҳавола жўнатиб, мессенжер орқали ҳам тўлов қабул қилиш мумкинлигини билишмайди.

Фото: Pixabay

Микробизнес учун имконият

Турли каналларнинг самарадорлиги компания айланмаси ва унинг соҳасига ҳам боғлиқ. Масалан, микро ва кичик бизнес учун ижтимоий каналлар қулайроқ. Бу каналлар ҳозирда улар онлайн-савдоларининг 45 фоизини таъминламоқда, йирик компанияларга эса ўз сайт ва иловалари кўпроқ ёрдам бермоқда – 64 фоиз.

Тажрибадан маълум бўлишича, кичик ва йирик компаниялар бизнесининг ривожланишига бир хил ёндашиб бўлмайди. Йирик ретейлернинг сифатли мобиль илова яратишга имконияти етарли бўлса, кичик магазин учун илова яратиш ва мижозларни жалб этиш қимматга тушади. Бундай иловалар ўзини оқламаслиги мумкин. Шу боис микробизнес учун ижтимоий тижорат энг салоҳиятлиси ҳисобланади, чунки бундай очиқ майдончада савдони йўлга қўйиш кам харажат талаб қилади.

Бугунги кунда электрон тижоратда ижтимоий каналлардан фойдаланиш кичик бизнес ва якка тадбиркорлар учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Ижтимоий платформалар нафақат миллионлаб фойдаланувчиларни бирлаштирмоқда, балки илғор технологияларни ҳам жорий этмоқда. Улар тадбиркорларга мижозларни жалб этиш, улар билан мулоқот қилиш ва тўловларни ортиқча ҳаракатларсиз қабул қилишда ёрдам беради.

Мавзуга оид