Тошкент давлат педагогика университети талабаси «Ёш китобхон» танловида «Спарк» автомобилини қўлга киритди
Бугун, 15 декабрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган «Ёш китобхон» танловининг 20-30 ёш тоифасидаги республика босқичи ғолиблари аниқланди.
МТРКнинг Медиа марказида ўтган якуний босқичда 14 нафар қатнашчилар «Ўзбек адабиёти билимдони», «Жаҳон адабиёти билимдони», «Буюк мутафаккир ва адиб» ҳамда «Шеърият» каби 4 та шарт бўйича беллашишди.
Шоирлар, ёзувчилар, ўқитувчилар, журналистлар ва бошқа мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда уларнинг белгиланган китобларни ўқиганлиги, асарнинг мазмун-моҳиятини тушунгани ва уни таҳлил қилиб бера олиш қобилиятига қараб баҳолаб боришди.
Танловнинг сўнгги шарти «Шеърият» йўналишида Тошкент вилоятидан Дилнавоз Нажимова, Тошкент шаҳридан Шоҳсанам Холбоева ва Андижон вилоятидан Шоҳсанам Каримовалар таниқли шоирлар Усмон Азим, Сирожиддин Саид, Абдулла Орипов ҳамда Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб шеърий сатрларни бадиий таҳлил қилишда муваффақиятли иштирок этишди.
Хоразмлик Акбар Отабоев, бухоролик Саломат Субхонова, сурхондарёлик Жавлонбек Хуррамов, қорақалпоғистонлик Аббос Реимов ва навоийлик Аслиддин Жаркенов, қашқадарёлик Сурайё Шодиева ҳамда фарғоналик Мафтуна Муҳаммадаминова, сирдарёлик Дилфуза Қосимова, наманганлик Моҳира Мунавварова, жиззахлик Дилнавоз Илҳомова, самарқандлик Камола Мусулмоновалар эса мазкур шартда ўз ҳисобларидаги балларга ўзгартириш кирита олмади.
Умумий баҳолаш натижаларига кўра Тошкент шаҳридан Тошкент давлат педагогика университетининг 3-босқич талабаси Шоҳсанам Холбоева 327,2 балл билан «Ёш китобхон» танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси «Спарк» автомобили ва «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 20 фоиз чегирмага сазовор бўлди.
— Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган «Ёш китобхон» танлови республика босқичига тайёргарликлар давомида 60 дан ортиқ китобларни ўқиб чиқдим. Мазкур танловда ғолиб бўлишга аҳд қилиб, тайёргарликларга пухта ёндашдим. Уйимизда ота-онам кичик кутубхона яратиб берган. Бу каби имконият ва шарт-шароитлар учун улардан чексиз миннатдорман. Танловгача тинимсиз ўқидим, асарларни таҳлил қилдим. Ёдда қолиши учун энг муҳим нуқталарни дафтаримга қайд этиб бордим. Бугун эса кўп китоб ўқиб, бадиий саводхонлигимни оширганлигим натижасида Президент совғаси “Спарк“ автомобилига сазовор бўлдим, — дейди танловнинг 20-30 ёш тоифасидаги иштирокчиларининг мутлақ ғолиби Шоҳсанам Холбоева. — Ҳозирга қадар 400 дан ортиқ бадиий асарни ўқиб чиққанман. Мутолааларим давомида Усмон Носир, Лев Толстой, Пауло Коэло каби адибларнинг ижодини катта қизиқиш билан ўқидим. Келажакда энг севимли, малакали ўқитувчи бўлиб, ўзим каби ёш китобхонлар даврасини кенгайтиришни мақсад қилганман.
Тошкент вилоятидан Дилнавоз Нажимова 264,5 балл билан 2-ўринни эгаллаб, компьютер жамланмаси ва «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 15 фоизлик чегирма билан тақдирланди.
Жиззахлик Дилнавоз Илҳомова эса 259,2 балл билан 3-ўринни қўлга киритиб, 200 та китоблар жамланмаси ва «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 10 фоизлик чегирмага эга бўлди.
Танловнинг барча иштирокчилари «Dugonalar» ва «Yosh kuch» журнали ҳамда «Yoshlar ovozi» газетасига 1 йиллик бепул обуна бўлди.
—Фарзандларимизнинг китобга бўлган меҳрини ошириш, уларнинг орасида соғлом рақобатни уйғотишга қаратилган “Ёш китобхон” танлови бошлангунига қадар 50 та бадиий асар мутолаа қилган бўлса, ҳозирга қадар уларнинг сони 3 баробарга кўпайди. Бу эса “Ёш китобхон” танловининг ёшларимизни соғлом муҳитда ўзбек ва жаҳон адабиётидан уйғоқ тарзда вояга етишига замин яратмоқда, – дейди Камола Мусулмонованинг отаси Ҳусниддин Мусулмонов. — Биргина “Ёш китобхон” танлови қанчадан қанча ёшларимизни китоб билан иноқлаштирди. Адолатли ва шаффоф тарзда ўтган танловни ташкиллаштирган Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
2018 йилги «Ёш китобхон» танловининг саралаш босқичларида 20-30 ёш тоифасидаги 1128 нафар иштирокчи ўз билимини синаб кўрди.
Шаҳноза Нуриллаева
Мавзуга оид
13:38 / 19.10.2024
Тошкент вилоятида қўйларни уриб юборган “Спарк” ёниб кетди
17:35 / 27.04.2024
«Cobalt’ни турмуш ўртоғимга совға қилдим» – китобхонлик танловида ютган ёш она ҳикояси
13:24 / 05.03.2024
8-синф ўқувчиси китоб ўқиб дадасига Cobalt совға қилди – у буни қандай уддалади?
08:12 / 01.05.2023