Жаҳон | 23:02 / 16.12.2018
7748
2 дақиқада ўқилади

Глобал исишга қарши ҳар йили 100 млрд доллар сарфланадиган бўлди

Польшада 16 декабрда БМТнинг иқлим бўйича анжуманида Декларация 24 (COP 24) қабул қилинди. Декларация анжуман ўтган шаҳар номига Катовице пакти деб номланди. 

Таъкидланишича, ҳужжат иқлим бўйича Париж келишувини бажаришнинг йўл харитаси ҳисобланади

Пакт остига имзо қўйганлар сайёрамизда глобал исишга қарши етарлича ҳаракатлар амалга оширилмаётгани ҳақидаги ахборотга рози бўлишган.

Ҳужжатда глобал исиш оқибатларини чеклаш бўйича тезкор ҳаракатлар амалга оширилиши ҳамда бу йўналишдаги ишларни 2020 йилдан кейин кучайтириш ва бу мақсадда ҳар йили 100 млрд доллардан кўпроқ маблағ сафарбар этиш зарурлиги қайд қилинган.

Анжуман иштирокчилари, шунингдек, иқлим бўйича Париж келишувини амалга ошириш қоидалари тўпламини қабул қилишди.

Ҳужжатда ривожланган давлатлар иқлим ўзгаришига қарши курашда ночор давлатларга ажратадиган маблағлар ҳамда келишув шартлари бажарилиши мониторинги бўйича чоралар ҳақида гапирилган. 

АҚШ давлат департаменти анжуман натижаларига кўра АҚШ келишув доирасида бирор-бир мажбуриятни ўз зиммасига олишдан воз кечишини тасдиқлаган.

Иқлим бўйича Париж келишуви 2015 йил декабрда қабул қилинган ва эскириб қолган Киото келишуви ўрнини эгаллаган. Ҳужжатни 196 та давлат имзолаган. Келишувдан мақсад ўртача ҳаво ҳароратининг саноатгача даврдаги кўрсаткичлардан 2 градусдан кўпроқ ошишига йўл қўймасликдан иборат.

2017 йил июнда АҚШ президенти Дональд Трамп “мақбулроқ шартлар” тақдим қилинмаса, мамлакати келишувдан чиқишини айтган. Трампнинг фикрича, ушбу келишув ҳозирги кўринишида АҚШ иқтисодиётига путур етказади, иш ўринлари қисқаришига олиб келади ва АҚШ суверенитетини заифлаштиради.
 

Мавзуга оид