20 декабрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг «Ёшлар пресс клуби»да болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш масаласида мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиш ва амалиётга жорий этиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ҳамкорлигида «Вояга етмаганларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилишда ҳуқуқий иммунитет аҳамияти» мавзусидаги анжуман ташкил этилди.
Унга мавзудан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти профессорлари, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Муҳаммад Қуронов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Бегмат Очилов ўз маърузалари билан қатнашди. Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент кимё-технология институти, касб-ҳунар коллежлари ва мактаб ўқувчилари керакли мавзуда атрофлича маълумотга эга бўлиб, унга оид ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарур етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида» қонуни, президентнинг 2017 йил 11 августдаги «Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида» фармони, шунингдек, 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида» қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Мулоқот давомида болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминловчи ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва техникавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек ушбу соҳадаги илмий ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
«Вояга етмаганларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилишда энг биринчи «Ҳуқуқий иммунитет»ни пайдо қилиш, болаларда китоб мутолаасига қизиқиш уйғотиш, китобхонликни тарғиб этиш, маънавий-маърифий тадбирларнинг сифатини ошириш, мактабларда «Ҳуқуқ асослари» фани салмоғи ва сифатини ошириш, оила, мактаб ва жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш лозим», - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Бегмат Очилов.

Анжуман иштирокчилари Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида» Қонун ижроси юзасидан умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ўртасида ўтказилган социологик тадқиқот натижалари билан таништирилди.

















