Ўзбекистон | 20:17 / 31.12.2018
7052
5 дақиқада ўқилади

Kun.uz сарҳисоби – таҳририятга қилинган мурожаатлар қандай ечим топди?

Йил якунланиб борар экан, ҳар бир ташкилот, идора, ҳатто фуқаролар ҳам ўша йилда ўзлари амалга оширган ва бажаришга улгуролмаган ишларни, фаолиятини бир карра сарҳисоб қилади. Бу албатта келгуси йилда кўпроқ эътибор берилиши лозим бўлган йўналишларни белгилаб олишда фойдали бўлади. 

Kun.uz таҳририяти ҳам айни шу анъанага риоя қилган ҳолда, 2018 йилда Kun.uz сайтида эълон қилинган журналистик суриштирувларнинг қай бири ижобий ҳал бўлгани ва бўлмагани, хайрия акциялари натижасида бемор юртдошларимиздан кимлар шифо топгани ва кимлар ҳамон даво илинжида нажот кутаётганига доир сарҳисобини эълон қилишга қарор қилди. Демак, дастлаб мурожаатлар бўйича. 

2018 йилда 2017 йилга нисбатан турли мазмундаги мурожаатлар, таклиф ва мулоҳазалар кўп бўлди. Табиийки, чекланган ходимлар штаби билан уларнинг ҳар бирига бирдек улгуриш, мурожаатларнинг ҳар бирини истисносиз ўрганиш имконини бермади. 

Шу билан бирга, айрим мурожаатлар оилавий, қариндошлар ўртасидаги можароларга дахлдор бўлгани боис рад этилди. Умуман олганда, 2018 йил Kun.uz таҳририяти учун ҳам хайрли ва самарали бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. Гарчи мурожаатлар орасида ечимини кутаётганлари бўлса-да, сайтда ёритилган ўрганишларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Айрим масалаларга маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан етарлича эътибор қаратилмагани боис, такрор-такрор мурожаат қилишга, ёритишга тўғри келди. 

Рақамларга келадиган бўлсак, 130дан ортиқ мурожаатлар бўйича жойига чиқиб, ўрганишлар, суриштирувлар олиб борилди ва танқидий-таҳлилий мақолалар эълон қилинди. Уларда билдирилган муаммо ва масалалар ечими юзасидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар, идоралар ва ҳокимликлар билан ўрганишлар олиб борилди. 35-40 фоиз мурожаат ижобий ечим топди. Бу қувонарли албатта. 

Бироқ, баъзи ҳолатларда маҳаллий ҳокимликлар муаммоларга кўр-кўрона ёндашиш, ҳатто Олий суд томонидан муддати ўтиб кетганлиги важи билан ноқонуний суд қарори устидан берилган шикоят қаноатлантирилмаган ҳолатлар ҳам бўлди. Шу билан бирга, ачинарлиси шундаки, айрим мурожаатчилар томонидан ўзларининг шахсий манфаатларини юзага чиқариш, кимдандир ўч олиш, ғаразли мақсадини амалга ошириш мақсадида ОАВдан, хусусан, Kun.uz таҳририятининг ёрдамидан фойдаланишга ҳам уриниб кўриш ҳолатлари бўлди.

Kun.uz сайтида ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўтказилган хайрия акциялари, таъбир жоиз бўлса, ўзбекистонликларнинг бир мақсад йўлида бирлаша олишларини, ёрдамга муҳтож ватандошларининг тақдирига бефарқ эмасликларини кўрсатди, исботлади. Ўнлаб хайрия акциялари ўтказилган бўлиб, бунинг натижасида том маънода шифо истагида бўлган, бироқ моддий аҳволи имкон бермаган кўплаб фуқароларимиз дардларига малҳам топишди, топишмоқда. Айримлари хорижий мамлакатларда даволаниб қайтишган бўлса, баъзилари ҳамон хориж мамлакатларининг тиббий хизматида даволаш курсларини ўтамоқда. Хайрия акцияларида биринчи навбатда ёш болалар, қийналган оилалар ва маблағни тез фурсатларда йиғиб бериш имконияти юқори бўлган мурожаатларга эътибор қаратилди.

Аксарият мурожаатлар куз-қиш мавсумида электр энергияси ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ бўлди. 

Уй-жой ажратилишини сўраб мурожаат қилганлар сони ҳам кўп бўлди. Уларнинг кўпчилигини ёлғиз аёллар, боқувчисини йўқотганлар, қийин шароитда қолганлар ташкил қилди. Аммо афсуски, таҳририят мурожаат қилувчиларни уй-жой билан таъминлаш имкониятига эга эмас.

Бундан ташқари, “Қишлоққурилишинвест” томонидан қурилаётган намунали уй-жойлар борасида, хусусан, уларнинг ўз вақтида қурилиб фойдаланишга топширилмаганлиги, нархлари бир неча бор оширилгани, ваъда қилинганидек тарзда жиҳозланмаганлиги, камчиликларга эга эканлиги тўғрисида жуда кўп мурожаат келиб тушди. Аммо бу борада тегишли ташкилотлардан изоҳ олишга бўлган уринишларимиз зое кетди.

Шунингдек, кўплаб фуқаролар ва тадбиркорлардан суд иши билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатчилар таҳририят ходимларининг суд ишларида иштирок этишларини, иш билан боғлиқ ҳужжатларни ўрганиб чиқишларини сўрашган. Очиғини айтиш лозим, таҳририят бу каби мурожаатларнинг барчаси бўйича иш олиб бора олмади, бунинг имкони ҳам йўқ, зеро бунча миқдордаги мурожаатларни ўрганиб чиқиш учун бутун бошли ҳуқуқшунослардан иборат катта жамоа ва бир неча кун, ҳаттоки ҳафталар талаб қилинади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, умуман олганда, муаммоли мурожаатлар ва ўтказилган хайрия акцияларининг барчаси бўлмаса-да, ижобий ҳал этилгани Kun.uz таҳририятига улкан масъулият юклайди ҳамда келгуси фаолиятини янада шижоат билан олиб боришига туртки бўлади. 

Умид қиламизки, 2019 йил ҳам барчамиз учун самарали, ижобий натижалар кўп бўлган йил сифатида ёдимизда қолади.

Мавзуга оид