Қуёш соҳаси кимники? Қайта тикланувчан энергия манбалари учун ким қайғуриши керак?
Кўпчиликка маълумки, дунёда ер ости қазилма бойликлари йилдан йилга камайиб бормоқда. Шунинг учун дунёдаги етакчи давлатлар энергия истеъмолини бошқа ёқилғилардан, хусусан, қайта тикланувчи энергия турларидан, қуёш, шамол, ерости иссиқлиги ва биомассалардан олиш йўлида илгарилаб кетишди.
Шуниси ажабланарлики, Европада қуёш кунлари кам бўлса ҳам, бу соҳада уларга тенг келадигани йўқ. Қайта тикланувчан энергия манбалари оз бўлсада, ундан жудаям самарали фойдаланиш йўлларини топишган ва янгидан янги технологияларни ишлаб чиқишиб, бутун дунёга сотишади. Европанинг ўзининг қазилма бойликлари бўлмагани учун, янги технологияларни ишлаб чиқиб, унинг ҳисобига ўзларини таъминлашади. Шунинг учун, қайта тикланувчан энергия манбалари барча турлари бўйича уларда марказлар, институтлар, агентликлар ва вазирликлар бор. Улар жуда яхши самара бермоқда.
Бизнинг ўлкамизда эса, қуёшли кунлар жуда кўп, қарийб 330 кунни ташкил этади. Аммо ундан оқилона фойдаланиш ҳалигача тўғри йўлга солинмаган. Балки, баъзи ишлар амалга оширилаётгандир ёки оширилгандир, аммо ҳаммаси ўлда-жўлда қолмоқда. Маълум бир тартиб низом ва қолипга солиниб, ҳаракатга тушмаган.
Куни кеча, «BUYUKKELAJAK» нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида Инновацияни ривожлантириш вазирлигининг Ўзбекистонда қайта тикланувчан энергия манбаларини ривожлантириш бўйича агентлик ташкил этиш қарори муҳокамага қўйилди. Бундай хушхабардан бағоят мамнун бўлдик. Буни аввалроқ қилиш керак эди, аммо ҳали ҳам кеч эмас.
Мана, яқинда президентимиз кадрлар масаласида йиғилиш ўтказди.
«Қарор ва қонунлар чиқяпти, аммо уни амалга оширадиган кадрлар йўқ. Маҳаллий ёшларни чет элда ўқитиб келиш миқдорини ҳисоблаганда ҳар бир соҳада 3500 нафар мутахассис керак бўлади. Биз буни кеча қилишимиз керак эди, агар ҳозир буни биз қилмасак, 2019 йилда яна 1 йилга кечикамиз»,деди президент.
Шундай қилиб, қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича ҳам қонун қарорлар чиқмоқда, аммо уни бошқарадиган аниқ бир агентлик ёки вазирлик йўқ. Халқаро қуёш энергетикаси институти ҳам, «Ўзбекэнерго» ДАК ҳам «қуёш соҳаси меники» деб талашади ва бир-бири билан келишиб иш қила олмайди. Самарқанд қуёш лойиҳасининг тўхтаб қолгани сабаби ҳам шу икки ташкилотнинг бир ёқадан бош чиқариб ишламаганидадир. Униси у деди, буниси бу деди, оқибатда 2015 йилда бошланган лойиҳа бугунга келиб батамом тўхтади. Икки тараф ҳам аравани икки тарафга тортгандан кейин, натижа ҳам нол бўлди. 3 йил ичида сарф этилган харажатлар эса ҳавога кетди. Қайта тикланувчан энергия соҳасини ҳам ўзим бошқараман деб, 2 йил олдин ташкил этилган «Энергияни тежаш миллий агентлиги» ҳам олдинга чиқди. Аммо яна натижа бўлмади.
Қайта тикланувчан энергия манбалари истиқболлари ҳақида аниқ бир ташкилот қайғуриши ва тўсиқларга учрамайдиган тарзда кенг ваколатлар берилиши керак. Мазкур ташкилот ёки агентлик қайта тикланувчан энергия манбаларидан унумли фойдаланишдан бошқа нарса билан шуғулланмаслиги керак. Подачи кўпайса, қўй ҳаром ўлади, деганларидек, ҳар бир соҳани ўз эгасига бериш ҳамда шу йўналишни маҳкам ушлаш керак. Акс ҳолда, парокандалик ва самарасизлик вужудга келади.
Шу нуқтаи назаридан, янги очилаётган агентлик эса айни муддао бўлди. Президентимиз таъкидлаганларидек, кечикмайлик, вақт ғанимат, қайта тикланувчан энергия тизгинини қўлга олиб, юртимизнинг чекка қишлоқлари томон югурайлик, уларнинг хонадонларига ёруғлик, қалбларига эса нур ва хурсандчилик олиб кирайлик. Ҳукуматимизнинг бундай қарорини биз «BUYUKKELAJAK»чилар қўллаб-қувватлаймиз. Қўлимиздан келса, жонимизни жабборга бериб ватан учун хизмат қилишга тайёрмиз. Бу агентликнинг ташкил этишда ва унинг ходимларининг маълум бир қисмини чет элдаги ватандошларимиздан ташкил топса нур устига аъло нур бўлар эди.
Санжар Ғафуржанов
«BUYUKKELAJAK» экспертлар гуруҳи
Мавзуга оид
23:32 / 04.11.2024
Электромотоцикл Африка бўйлаб қуёш энергиясида 6 минг километр йўл босиб ўтди
15:51 / 03.08.2024
Иссиқ сувдан харажатсиз фойдаланиш мумкинми? Қуёш сув иситкичлари ҳақида
21:55 / 03.08.2023
Хитой компанияси Андижон вилоятида қуёш фотоэлектр станциясини қуради
19:02 / 26.06.2023