Самарали ва тежамкор ечим бўлган қуёш сув иситкичлари ҳақида нималарни биламиз? Улар қуёш энергиясидан фойдаланиб, иссиқ сув таъминотини таъминлайди, электр энергияси сарфини камайтиради ва экологик тоза ҳисобланади. БМТТДнинг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси иссиқ сув таъминотида самарадорлик ва мустақилликка эришишнинг янгича йўли – қуёш сув иситкичлари ҳақида маълумот беради.
Қуёш сув иситкичлари ва турлари
Қуёш сув иситкичлари – бу қуёш нурини иссиқликка айлантириш орқали иссиқ сув ишлаб чиқарадиган қурилма ҳисобланади. Унда қуёш энергиясини йиғиш учун мўлжалланган қуёш коллекторлари деб аталадиган панеллар ҳамда қувурлар бўлади. Коллекторлар қуёшдан тушадиган ёруғликнинг инфрақизил қисмини иссиқликка айлантиради.
Қуёш сув иситкичларининг икки хил тури мавжуд: фаол ва пассив. Пассив тизимлар иссиқликни коллектор панеллардан сув сақлаш идишига ўтказишда айланма насослар ва бошқарув воситаларидан фойдаланган ҳолда ишлайди.
Фаол тизимлар эса ҳеч қандай компонентларсиз ишни амалга оширади, яъни хонадон ёки корхонадаги сув таъминоти тизими сув ўтказиш учун етарли босимга эга бўлса, пассив қуёш иситкичи бундай шароитда яхши ишлайди.
Уларни ўрнатиш қанчага тушади?
Хонадонга қуёш сув иситкичини ўрнатиш - уй эгалари учун электр тўловларини камайтиришнинг энг самарали усули ҳисобланади. Қуёш сув иситкичлари қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиб, иссиқ сув етказиб бериш билан бир қаторда электр энергиясига бўлган эҳтиёжни ҳам камайтиради, яъни қўштирноқ ичида айтганда “электросетга қарамлик”ни бартараф этади.
“Қуёш сув иситкичлари деярли электр энергияси ёки газ таъминоти сарфламай узлуксиз равишда иссиқ сувни етказиб беради. Яъни хонадонга бу ускунани ўрнатиб деярли 9 ой давомида текинга иссиқ сувдан фойдаланиш дегани. Айниқса ёз кунларида ортиқчаси билан етказади.
Уларни ўрнатиш кўп вақт олмайди. Бу ускуна ичидаги сув ҳажми билан 250 кг ни ташкил қилади, шундан 50 кг ускунанинг оғирлиги ҳисобланади. Бунда 200 литр сувнинг оғирлиги ҳамма жойга тақсимланади ва бу билан хонадоннинг том қисмига оғирлиги тушмайди. Уни ўрнатишда қуёш тушишини ҳисобга олиш керак. Қуёшдан келаётган инфрақизил нурлар ускунадаги вакуум чироқнинг юзасига тушади, у иссиқликни сувни иситадиган мис найчага ўтказади. Ўрнатиш учун бинонинг катталигига қараб 1 кун вақт кетади.













