18:48 / 05.01.2019
55153

Осиё Кубоги олдидан: Титанлар жанги

Фото: Kun.uz

Ниҳоят биз Осиё Кубогига чет эллик мутахассис Эктор Купер билан ташриф буюряпмиз. Гўёки, бу қарор олдинга ташланган жуда дадил қадамдек кўринса-да, аслида европалик мураббийлар Осиёда аллақачон урфга айланиб бўлган. Қитъанинг бош турнири иштирокчиларининг аксариятини чет эллик мураббийлар бошқармоқда.

Фақат чет эллик эмас, рўйхат ичида бутун дунё учун нотаниш бўлмаган тажрибали мутахассислар, ҳатто жаҳон чемпионларини ҳам учратишимиз мумкин. Агар Эктор Куперни Осиёдаги энг машҳур 10 мураббийдан бири деб эътироф этсак, қолган тўққиз номзод ҳақида қуйида гаплашамиз.

Осиё Кубоги ранг-баранглиги жиҳатидан Африка, Лотин Америкаси ва ҳатто Европадан ҳам алоҳида ажралиб туради. Чунки, Осиёда футболида услуб, менталитет, маданият нуқтаи назаридан бир-бирига ўхшаш бўлмаган мамлакатлар жуда кўп. Шунингдек, терма жамоалар бошида бир қатор кучли мураббийларнинг бўлиши жамоалар ўйинига янада сайқал беради.

АЛБЕРТО ДЗАККЕРОНИ (БАА)
Италия. 1953 йилда туғилган. Ишлаган жамоалари: 
«Милан»«Лацио»«Интер»«Ювентус», Япония терма жамоаси.
Ютуқлари: Италия чемпиони (1999), Осиё чемпиони (2011)

Аср бошларида футболга қизиққан футбол мухлислари Дзаккеронини жуда яхши билишади. У Италиянинг уч катта клубида ҳам бош мураббий сифатида ишлаган кам сонли мутахассислардан ҳисобланади. Скудеттони эса, у «Милан» билан, ўзининг илк мавсумида қўлга киритган. Шунингдек, Дзаккерони А Серияда бугунчага кенг қўлланиладиган 3-4-3 схемасини оммалаштирган мутахассислардан ҳисобланади. Тўғри, Зденек Земан ундан олдинроқ синаб кўрган, аммо айнан Дзаккерони Италиянинг топ-клубларига бу схемани олиб кириб, узоқ вақт қўллаган.

Алберто Осиё футболи учун ҳам, Осиё Кубоги учун ҳам бегона эмас. У 2010-2014 йилларда Япония терма жамоасини бошқариб, 2011 йили Қатарда ўтган Осиё Кубогида ғолиб чиққанди.

ПАУЛУ БЕНТУ (Жанубий Корея)
Португалия. 1969 йилда туғилган. Ишлаган жамоалари: 
«Спортинг»«Крузейро»«Олимпиакос», Португалия терма жамоаси.
Ютуқлари: Европа чемпионати совриндори (2012), Греция чемпиони (2017), Португалия Кубоги (2007, 2008) ва Суперкубоги соҳиби (2007, 2008)

Бенту футболчи сифатида ҳам дунёга таниш, ўша 90-йиллардаги «олтин авлод» вакилларидан бири ҳисобланади. Ёш мураббий сифатида эса, у «Спортинг»да муваффақиятли ишлаган. Лиссабонликлар унинг қўл остида чемпион бўлишмаган, лекин «Бенфика» ва «Порту» каби «аждарлар» бор турнирда икки марта мамлакат кубогини қўлга киритиш ҳам жуда яхши натижа. 2010 йилда эса, терма жамоа бошига келиб, Евро-2012 турнирида ҳатто чемпион бўлиши ҳам мумкин эди. Эсингизда бўлса, португалияликлар бўлажак чемпион Испания билан ярим финалда дуч келишган ва фақат пенальтилар сериясида мағлуб бўлишганди.

КАРЛУШ КЕЙРУШ (Эрон)
Португалия. 1953 йилда туғилган. Ишлаган жамоалари: 
«Манчестер Юнайтед», Португалия терма жамоаси, «Реал»«Спортинг»

Кейруш асосан Алекс Фергюсоннинг ёрдамчиси сифатида танилган бўлса-да, аслида анча олдин Португалияда анча машҳур мутахассис саналарди. 80-йиллар охирида у ерда «тилга тушган» авлод – Фигу, Кошта, Консенсау, Байа каби футболчиларни айнан Кейруш ёшлар терма жамоа мураббийи сифатида кашф этганди. Кейинроқ «Спортинг»ни бошқариб, мамлакат кубогини қўлга киритади.

Осиё футболида эса ҳақиқий «бўрилардан» бири ва энг тажрибали мураббий. Қарийб 8 йилдан буён Эрон терма жамоаси билан бирга ва шу вақт мобайнида, мамлакат футболи сезиларли ўсишга эришди. Айниқса, Эроннинг Россия-2018 мундиалидаги кучли рақибларга қарши ўтказган ўйинлари эътирофга лойиқ.

БЕРНД ШТАНГЕ (Сурия)
Германия. 1948 йилда туғилган. Ишлаган жамоалари: ГДР, Уммон, Сингапур, Ироқ терма жамоалари,
«Ҳерта»«Лейпциг»

Европада Штанге у қадар машҳур эмас, аммо Осиё футболи учун таниш ном. Ўзбек мухлислар ҳам уни жуда яхши билишади, чунки жуда кўп бор чет эллик мураббийни олиб келиш масаласи кўтарилганда, Штангенинг номзоди ҳақида ҳам кўп айтилганди.

Германиялик мутахассис Сурия терма жамоаси билан биргаликда, балки нимчорак финалда Ўзбекистон билан тўқнаш келиши мумкин. Чунки F  гуруҳида иккинчи ўринни олган жамоа айнан Сурия иштирок этадиган гуруҳнинг иккинчи жамоасига қарши майдонга тушиши мумкин.   

СВЕН ГОРАН ЭРИКССОН (Филиппин)
Швеция. 1948 йилда туғилган. Ишлаган машҳур жамоалари: 
«Гётеборг»«Бенфика»«Рома»«Манчестер Сити»«Лацио»«Фиорентина», Мексика ва Англия терма жамоалари.
Совринлари: Швеция чемпиони (1982), Швеция Кубоги соҳиби (1979, 1982), УЕФА Кубоги соҳиби (1982), Кубок эгалари кубоги (1999), Португалия чемпиони (1983, 1984, 1991), Италия Кубоги соҳиби (1986, 1994, 1998, 2000). Италия чемпиони (2000)

Турнирдаги энг совриндор мураббийлардан бири, клублар футболида ҳам, терма жамоалар билан ҳам Европада таниқли бўлган. Айниқса, ўтган аср охирларида у қурган «Лацио» қитъанинг энг кучли жамоаларидан бирига айланганди. Римликларнинг сўнгги 45 йилдаги ягона чемпионлиги ҳам айнан Свен Горан Эрикссоннинг даврига тўғри келади. 1999 йилда эса «Лацио» Кубок эгалари кубоги соҳибига ҳам айланган эди.

Швециялик мураббий 2012 йилдан буён Осиёда, хусусан, Таиланд, БАА, Хитой клубларида фаолият кўрсатиб келди. Ўтган йилдан бошлаб эса Филиппин терма жамоасини бошқармоқда.

МАРЧЕЛЛО ЛИППИ (Хитой)
Италия. 1948 йилда туғилган. Ишлаган жамоалари: 
«Интер»«Ювентус»«Наполи», Италия терма жамоаси.
Совринлари: Жаҳон чемпиони (2006), Италия чемпиони (1995, 1997, 1998, 2002, 2003), Чемпионлар Лигаси ғолиби (1996), Хитой чемпиони (2012, 2013, 2014)

БААда қатнашаётган мураббийлар ичида энг машҳури, футболдаги икки энг катта соврин – Жаҳон чемпионати ва Чемпионлар Лигасини ютган мураббий. Липпи шунингдек, «Ювентус» билан бирга беш марта Италия чемпионлигини ҳам қўлга киритганини таъкидлаш керак.

Липпи 2012 йилдан, яъни Хитой чемпионатига катта пуллар кириб келиши билан у ерда ишлай бошлади ва «Гуанчжоу» жамоасини қаторасига уч марта Хитой чемпионига айлантирди. 2016 йилдан эса, терма жамоани бошқариш таклифини олди. Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари хитойликлар учун муваффақиятсиз якунланган бўлса-да, улар тажрибали мураббийга ишонишда давом этишмоқда.

СРЕЧКО КАТАНЕЦ (Ироқ)
Словения. 1963 йилда туғилган. Ишлаган жамоалари: Словения терма жамоаси, 
«Олимпиакос»

Сречко Катанец Европада у қадар ном қозонмаган бўлиши мумкин, лекин яқиндан кузатадиган футбол мухлислари учун бу ном жуда яхши таниш. Катанец футболчи сифатида ўша Гуллит, Михайличенко, Виалли каби футболчилар тўп сурган машҳур «Сампдория» таркибида ҳам бўлган.

У 1998 йилда мураббий сифатида Словения терма жамоасини қабул қилиб олади. Айнан унинг қўл остида словенияликлар тарихда илк бор жаҳон чемпионати ва Европа чемпионати иштирокчисига айланишди. ЖЧ-2002 турнирида словенияликлар гуруҳдаги барча учрашувда мағлубиятга учраб, Катанец истеъфога чиқарилган бўлса-да, бу давлат учун йўлланманинг ўзи ҳам жуда катта муваффақият саналади.

Сречко Катанец ўтган йилдан буён Ироқ терма жамоасини бошқариб келмоқда. 

ХОСЕ АНТОНИО ПИЦЦИ (Саудия Арабистони)
Испания. 1968 йилда туғилган. Ишлаган жамоалари: 
«Валенсия», Чили терма жамоаси
Совринлари: Аргентина ва Чили чемпиони

Хосе Антонио Пиццига ўз вақтида «Барселона»да бразилиялик Роналдога ўринбосар сифатида қаралганди. Аммо ишонч у қадар оқланмади ва Пицци 1998 йилда «Ривер Плейт»га трансфер қилиб юборилган.

Пицци 2005 йилдан буён мураббийлик фаолиятини бошлади ва келиб чиқиши аргентиналик бўлган мутахассис асосан Аргентина ва Чили чемпионатларида ўзини синаб кўрди. Унинг мураббий сифатидаги асосий ютуғи эса, Чили терма жамоасига тўғри келади. У 2016 йилда чилиликларни Америка Кубоги соҳибига айлантирганди. Эсингизда бўлса, Чили ўшанда Месси ва Аргентина устидан пенальтилар сериясида устун келганди.

Саудия Арабистони терма жамоаси таркиби, услуби Осиёда етакчи бўлмаса-да, ўша чилиликларга ҳам ўхшаб кетади, яъни бундай форматларда муваффақият қозонишни билган мураббий учун жуда қизиқ лойиҳа. Кўрамиз.

МИОДРАГ РАДУЛОВИЧ (Ливан)
Черногория. 1967 йилда туғилган. Ишлаган жамоалари: 
«Пахтакор»«Динамо» Москва, «Боавишта».
Совринлари: Черногория чемпиони (2012)

2008-2010 йилларда «Бунёдкор» жуда катта амбициялар билан ўзбек футболида қадамлар ташлагач, «Пахтакор» асосий рақобатчи сифатида бир қатор ўзгаришларни амалга оширганди. Жумладан, ушбу мутахассис Тошкентга таклиф қилинган ва унинг ўйин услуби, натижалари кўпчиликка жуда ёққанди.

Аммо бу ҳамкорлик узоққа чўзилмади. Москванинг «Динамо» клубига бош мураббий бўлган Божович дўстини ёнига чақирди ва икки томонлама розиликка биноан, Радулович «Пахтакор»ни тарк этди. Мураббийларнинг Москвадаги фаолиятлари ҳам узоққа чўзилмади ва шундан кейин биз бу мутахассис билан тўқнашмагандик.

Осиё Кубогида Ливан терма жамоаси ўйинларини кузатиш ўзбек мухлислари учун қизиқ бўлса керак. Айтганча, балки ўша эски муносабатлар туфайли, яқинда Австралияда Ўзбекистон ва Ливан терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил қилинди.  

Қ.Асланов тайёрлади

Top