Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 январь куни Туризмни тезкор ривожлантиришга доир чора-тадбирлар режаси тўғрисидаги фармонини ҳамда тегишли қарорни имзолади. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов яқин йилларда туризмни ривожлантиришга йўналтирилган икки муҳим ҳужжат бўйича Kun.uz'га изоҳ берди.

«Ушбу ҳужжатларнинг янги йил бошида қабул қилиниши ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Ўтган йил бошида ҳам давлат раҳбари туризмни ривожлантиришга доир жуда муҳим ҳужжатни имзолаганди. Бу йилнинг 5 январь куни президентимиз томонидан яна икки ҳужжат - туризмни тезкор ривожлантиришга йўналтирилган фармон ва қарор имзоланди. Фармонда туризмни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга эътибор қаратилган.

Президентнинг «Туризмни тезкор ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар режаси тўғрисида»ги фармони билан 2019-2025 йиллар учун Туризмни ривожлантириш концепцияси тасдиқланади, яъни Концепция яқин 6 йил ичида қилиниши керак бўлган ишларни ўз ичига олади.

2019-2020 йилларда биз қонунчиликка оид ўзгаришларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Мазкур концепция сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, тажрибамиз ҳамда туркиялик тажрибали эксперт Содиқ Бадакнинг маслаҳатлари асосида ишлаб чиқилди. Таъкидлаш жоизки, Бадак бу ишга жуда чуқур ёндашиб, қилинган ишлар ҳамда мавжуд муаммолардан келиб чиқиб, самарали тавсиялар берди. Туркиянинг туризмни ривожлантиришга доир тажрибаси чуқур ўрганилди ва янги ҳужжатлар амалда ўз исботини топган қарорлар, яъни ўз вақтида Туркияда самара берган ва соҳада катта ўзгаришларга йўл очган қарорлар асосида ишлаб чиқилди», - дейди Бош вазир ўринбосари.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, ҳужжатда мақсадли параметрлар қайд этилган, 2025 йилга бориб туризмнинг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги улушини - 2,3 фоиздан (2017 й.) 5 фоизга, хорижлик сайёҳлар сонини эса 9-10 миллион нафарга, жумладан узоқ хорижий мамлакатлардан келувчи туристлар сонини 2 миллионгача ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, туризм экспорти ҳажмини 950 миллион доллардан 2,2 миллиард долларгача ошириш кутилмоқда. Жойлашув воситалари сонини 850тадан 3000тагача чиқариш режалаштирилган. Туроператорлар сони ҳам 860тадан деярли икки бараварга ошиши кўзда тутилган.

«Ҳужжатдан шунингдек қулай логистикани ўз ичига олган замонавий транспорт инфратузилмасини йўлга қўйишга доир ишлар ўрин олган. Бу ҳаво, темир йўл, автомобиль ва сув транспорти. Марказий Осиёда чегараларни кесиб ўтишда қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда қўшни Қозоғистон билан виза режимларини унификация қилиш устидаги ишларни давом эттиряпмиз. Бу таклиф қилинаётган туристик маҳсулотлар кўламини кенгайтириш ва уларни диверсификациялашни назарда тутади. Биринчи навбатда бу йўналишда зиёрат туризми, экотуризм, агротуризм, этнотуризм, спорт туризми, MICE-туризмга эътибор қаратилади.