Жаҳон | 11:00 / 06.01.2019
17204
2 дақиқада ўқилади

Фото: SpaceX ва Илон Маскнинг энг катта ракетасининг йиғилиши жараёни

Фото: Twitter /elonmusk

3 январда техаслик фотоҳаваскор Остин Барнард твиттерда америкалик миллиардер Илон Маскнинг SpaceX компаниясининг Бока Чикадаги майдончасида Starship ракетаси прототипининг йиғилиши жараёнидан олинган бир нечта фотосуратлар билан бўлишди. Ҳозирча ракета бир-бири билан уланмаган корпуснинг бир неча элементларидан ташкил топган.

Аслида Барнард айнан Starship’ни суратга олаётганига ишончи комил бўлмаган. Барча шубҳаларни SpaceX раҳбари Илон Маскнинг ўзи бошқа бир суратга эътибор қаратиб, унда ҳақиқатан ҳам Starship’нинг илк синовларга мўлжалланган прототипи тасвирланганини эълон қилиб йўққа чиқарган. 

Коинот соҳасидаги баъзи жонбозлар майдончадаги кўрганларидан ракета ноодатий шаклга ва қурилишга эгалигини ва шу сабабли учиши даргумонлигини айтишган.

Starship’ни яратиш устидаги ишлар март ойида SpaceX ишларни ўтказиш учун ҳудудни лизингга олгандан кейин бошланган. Дастлабки режага кўра, ракетанинг илк синов парвозлари 2018 йил охиригача ўтказилиши керак эди.

Бу ўта оғир ракета дастлаб Starship эмас, балки Big Falcon Rocket (BFR) деб аталган, бироқ Маск уни ноябрда қайта номлаган. Ракетанинг биринчи версиясида иккита поғона бўлади: биринчи поғона Super Heavy деб аталиб, у Ернинг тортиш кучини енгиш учун ишлатилади ва бошқа сайёралараро парвозлар учун керак эмас; иккинчиси эса Starship деб аталиб, унда экипаж жойлашади.

SpaceX компанияси Starship’ни яратишни тезлаштиш учун бошқа бир ракетаси – Falcon 9’ни такомиллаштириш ишларини тўхтатиб қўйган. Режага кўра, Starship’нинг Марсга илк парвози экипажсиз 2022 йилда ўтиши керак. Илк бошқарилувчи парвоз эса 2023 йилда амалга оширилиши мўлжалланмоқда: ракета жамоаси Ой атрофида айланиб, Ерга қайтиши керак.

Мавзуга оид