Ҳиндистонлик фахрий футболчи Мессини ортда қолдирди
Ҳиндистон терма жамоаси етакчиси Сунил Чҳетри 2019 йилги Осиё Кубогининг гуруҳ босқичи биринчи турида Таиланд дарвозасига 2та гол урди.
Ҳиндистонликларнинг 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабасида дубль қайд этган 34 ёшли футболчи терма жамоада урилган голлари сонини 67тага етказди ва бу борада аргентиналик Лионель Мессини (65 гол) ортда қолдирди. У энди фақат Португалия терма жамоаси етакчиси Криштиану Роналдуни (85 гол) таъқиб қилмоқда.
Келиб чиқишига кўра непалликлар оиласида туғилган Сунил Чҳетри футболчилик фаолиятини 2002 йилда, 18 ёшида бошлаган ва дастлаб Калькуттанинг «Моҳун Баган» клуби билан шартнома имзолаган. Шундан буён турли йилларда «ЖГТ», «Ист Бенгал», «Демпо», «Канзас Сити Уизардс», «Спортинг Б», «Чёрчилл Бразерс», «Бенгалуру», «Мумбаи Сити» каби клубларда фаолият кўрсатган.
У Ҳиндистон терма жамоаси сафида 2005 йилда Покистон терма жамоасига қарши ўйинда дебют қилган, ўтган вақт давомида миллий терма либосида 97 учрашувда майдонга тушганди.