Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқи оширилиши кутилмоқда
Ўзбекистон Конституциясида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли экани белгиланган. Шундан келиб чиқиб қатор қонун ҳужжатларида мазкур тенгликни таъминлаш бўйича қоидалар киритилган. Хусусан, Меҳнат кодексига мувофиқ жинс, ёши, ирқи, миллати каби меҳнатга алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида чеклашларга йўл қўйилмайди.
Шу билан биргаликда, ҳозирги кунда амалда бўлиб турган айрим қонун ҳужжатларида аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини чекланиш ҳолатини кўриш мумкин. Масалан, Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати билан жами 400 га яқин касбларда аёлларнинг ишлаши тақиқланган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев рўйхатни қайта кўриб чиқиш тарафдорларидан бири. У бу ҳақда Kun.uz'га берган интервьюсида маълум қилган.
«Биз шундай қарор қабул қилишимиз керакки, аёлларга қулай шароит яратилиб, албатта, рўйхат қайта кўриб чиқилиши лозим. Хотин-қизлар қўмитаси ҳам ўз таклифини киритди. Айрим соҳалар анча эскирди, яъни замонавий технологиялар пайдо бўлганда, у ерда аёлларнинг меҳнатини тақиқлаш эскирган норма ҳисобланади. Шунга қарамай, айрим касблар борки, унда ишлайдиган аёллар соғлиғи ҳақида қайғуриш лозим», – дейди вазир.
Адлия вазирлиги ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, 2018 йилнинг ноябрь ойида, аёлларнинг касб танлаш имкониятлари кенгайтирилиши тарафдори бўлганди.
«Таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур ҳужжатнинг қабул қилинганига 18 йилдан ошди. Техника тараққиёти туфайли бундан 15-20 йиллар аввал аёллар ишлатиши қийин бўлган айрим техник ускуналар ҳозирда аёллар ҳам бемалол ишлата оладиган даражага етди.Масалан, мазкур ҳужжатга кўра аёлларнинг йўловчилар сони 14 та дан кўп сиғимли автобусларнинг ҳайдовчиси бўлиб ишлаши тақиқланади. Ваҳоланки, ҳозирги кунда ушбу русумдаги транспорт воситасини бошқариш учун жуда катта жисмоний куч талаб қилинмайди», – дейилади Адлия вазирлиги баёнотида.
Мавзуга оид
10:02 / 08.07.2024
Ислом тараққиёт банки Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиради
15:35 / 02.05.2023
Ишланмайдиган байрам кунлари сони 10 тага етади
21:12 / 30.03.2023
Давлат идораларида қисқартириш билан боғлиқ ишдан бўшатишлар вақтинча тўхтатилди
17:05 / 10.02.2023