Жаҳон | 19:46 / 07.01.2019
7757
2 дақиқада ўқилади

“Олтин глобус” совриндорлари эълон қилинди  

Лос-Анжелесда 6 январда Голливудда акрредитациядан ўтган хорижий журналистлар уюшмасининг ҳар йилги анъанавий “Олтин глобус” мукофоти тақдимоти бўлиб ўтди. 

“Богем рапсодияси” фильми “Энг яхши драма” йўналишида “Олтин глобус” билан тақдирланди. Режиссёр Брайан Сингернинг биографик фильми Queen британ гуруҳига бағишланган бўлиб, унда рок-гуруҳнинг муваффақиятга эришишда босган йўли, унинг тарқалиб кетиши ва Live Aid концерти арафасида бирлашиши ҳақида сўзланган.

Гуруҳ етакчиси Фредди Меркьюри ролини ўйнаган Рами Малек эса “энг яхши драматик актёр” йўналишида мукофотланди.

Фильм 2018 йилнинг 28 октябрида дунё прокатига чиққан. Хорижий кинотанқидчилар Малекнинг ижросидан завқланиб, унинг “Оскар” мукофотини олиши мумкинлигини айтишмоқда.  

“Энг яхши драматик актриса” йўналишида “Рафиқа” фильмидаги роли учун Гленн Клоуз мукофотланди.

“Ўргимчак-одам: Коинотлараро” фильми “энг яхши анимацион фильм” йўналишида “Олтин глобус” олди.

КГБнинг АҚШдаги агентлари ҳақидаги “Америкаликлар” сериали “энг яхши драматик сериал” йўналишида ғолиб бўлди.

Кристиан Бэйл “Ҳокимият” фильмидаги роли учун “комедия/мюзиклдаги энг яхши актёр” йўналиши бўйича мукофотланди. 

“Комедия/мюзиклдаги энг яхши актриса” йўналишида эса “Маҳбуба” фильмидаги қиролича Елизавета II роли учун Оливия Колман “Олтин глобус” билан мукофотланди.

Мексикалик режиссёр Альфонсо Куароннинг “Рим” фильми “хорижий тилдаги энг яхши фильм” йўналишида мукофотни қўлга киритди. Куароннинг ўзи эса “энг яхши режиссёр” деб топилди.

Мавзуга оид