Спорт | 12:10 / 08.01.2019
35664
7 дақиқада ўқилади

Муҳим ўйин арафасида: Энг яхши натижага эриша олишимиз учун 4 сабаб

Эртага, 9 январь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги-2019 турниридаги илк ўйинини ўтказади. Терма жамоанинг бу турнирдаги энг яхши натижаси 2011 йилга тўғри келади. Ўшанда Вадим Абрамов бош мураббийлигидаги жамоа ярим финалгача чиқиб борганди. Эндиликда бу вазифани яхшилаш учун ёки финалга чиқиш ёки ҳеч бўлмаса, ярим финалда 0:6 ҳисобида мағлубиятга учрамаслик керак бўлади. Хўш, бундай натижа бугунги жамоамизнинг қўлидан келадими? Ҳозирги ҳолатимиз вазиятга оптимистик қараш учун етарли бўла оладими?

Илк кундан яхши кайфиятда бўлиш балки турнир давомида бизга ҳамроҳ бўлишидан умид қилган ҳолда, ижобий натижаларга сабаб бўла оладиган омилларни тилга олишга қарор қилдик.

Тақвим

Гуруҳимизда турнир фаворитларидан бири Япония терма жамоаси ўрин олган бўлса-да, тақвимнинг биз учун қулай эканини эътироф этиш керак.

Биринчидан, Япония терма жамоаси билан сўнгги турда рўпара келамиз. Тўғри, гуруҳдан чиқиш учун барибир Уммон ва Туркманистонга қарши ўйинларда ижобий натижа қайд этиш керак, аммо гуруҳ фаворити бўлмиш японлар биз билан ўйингача катта эҳтимол билан масалани ҳал қилган бўлишади.

Энди тасаввур қилинг, биринчи турда Япония билан ўйнаб, мағлубиятга учраганимизда, нима бўларди? Қайсидир рақибимиз ўша куни уч очко эгасига айланарди ва 2-турда биз катта босим остида қолар эдик. Ғалаба қозониш шарт бўлган ўйинда майдонга тушиш билан биргаликда, сўнгги турда ким биландир Япониянинг бор куч билан ўйнашига умид қилишимизга тўғри келарди.

Иккинчидан, агар гуруҳда 2-ўринни оладиган бўлсак, Австралия, Иордания, Сурия ва Фаластин ўрин олган гуруҳнинг иккинчи жамоасига қарши майдонга тушишимиз керак. Австралия илк ўйинда мағлубиятга учраган бўлса-да, менимча, гуруҳда фаворитлигича қолса керак ва балки бизга нимчорак финалда араб жамоаларидан бири тўқнаш келади. Мабодо чорак финалга чиқиб қоладиган бўлсак ҳам, у ерда бизни Эрон, Корея, Япония эмас, энг кучли ҳолатда БАА кутиб олади.

Албатта, БАА ўз ҳолича ва майдон эгаси сифатида хавфли рақиб, лекин уларни ютса бўлади. Демак, ҳаммаси биз ўйлаган режа бўйича кетса, Ўзбекистон Осиё пешқадамлари билан ўйнамай туриб ҳам, ярим финал иштирокчисига айланиши мумкин. 

Купер ва шароит

Бу икки факторни икки хил талқин қилиш мумкин. Шароитлар яхши бўлгани ва эътибор кучайгани туфайли, Эктор Купер каби мутахассис таклиф этилди. Ёки Купер терма жамоамизда ишлаётгани учун яхши шароитларга эга бўлинди. Тан олайлик, маҳаллий мураббийлар тайёргарлик учун зарур бўлган барча талабларини федерациядан сўраб ололмасди. Кўпинча, ўзимизнинг мураббийлар тақдим этилган шартларда ишлашга мажбур бўлишарди. Куперни таклиф қилиб, мутасаддилар нафақат тажрибали мураббийга эга бўлишди, балки терма жамоамиз тайёргарлиги учун аввалгидан кўпроқ жонбозлик кўрсатишга рози эканликларини намойиш қилишди.

Тўғри, сўнгги паллаларда терма жамоамиз ўртоқлик ўйинида майдонга тушмади ва Осиё Кубоги олдидан бирорта назорат ўйинини ўтказмаган ягона жамоа бўлди. Лекин бу ерда муҳими – Купер бундай учрашувни ўтказишни истаб, аммо якунда режа амалга ошмай қолдими ёки ўртоқлик ўйини ўтказмаслик қарори мураббийнинг ташаббуси билан қабул қилиндими? Билишимча, Купернинг ўзи Осиё Кубоги олдидан ҳеч ким билан ўйнамасликни ихтиёр этган.

Бундай ҳолда ўртоқлик ўйинлари бўлмагани учун мураббийни ҳозирдан танқид қилишимиз ноўрин. Ўртоқлик ўйини Осиё Кубогида қаршимизга чиқадиган якуний «маҳсулот»ни тайёрлашда керак бўладиган масаллиқдир. «Ошпаз» бу масаллиқсиз ҳам «овқати» ширин бўлишини айтяптими, демак биз истеъмолчи сифатида унга «мана бу нарсадан қўш», «мана бу камроқ бўлиб қолибди, қозонга солсанг, ширинроқ бўлади», деб ўргата олмаймиз.

Қачонки, агар илк ўйинларда терма жамоамиз аъзоларида ўзаро тушунмовчиликлар кўзга ташланса, муаммоларни кўрсак, биз Куперни тайёргарлик яхши бўлмагани, ўртоқлик ўйинларидан воз кечиш аслида зараримизга ишлаганини айтиб, танқид қилишга ҳаққимиз бўлади. Демак агар ўртоқлик ўйинлари ўтказилмагани сизга қаттиқ таъсир қилаётган бўлса, камида эртани кутинг.

Янги раҳбарият

Эътибор берсангиз, ҳар қандай жамоада ёки ташкилотда раҳбар алмашса, ишлар ижобий томонга ўзгара бошлайди. Бу ерда гап янгиларнинг эскилардан ақллироқ, яхшироқ эканида ҳам эмас, шунчаки, бир раҳбар ёки мураббийнинг узоқ вақт бир ерда туриб қолиши натижасида, турғунлик даври юзага келган бўлади, бу эса, табиийки мотивацияга, натижаларга, амбицияларга таъсир қилади. 

Мисол учун, 2001 йилда футболимизда янги раҳбарлар келганида ҳам, 2006 йилда Мираброр Усмонов футболимиз бошига келганида ҳам, жамоаларимизда, умуман футболимизда сезиларли ўзгаришлар бўлган. Чунки янги раҳбар аввалги хизматларининг «устида ўтирмайди», тезда ўзини кўрсатиш пайида бўлади.

Бугунги раҳбарларимиз учун бу илк жиддий турнирдир. Табиийки, сўнгги вақтларда қилинган ишлар бежизга кетмагани, тўғри амалга оширилганини исботлаш учун ҳам улар масъулиятлироқ ёндашишлари табиий. Энди эса, натижани, яъни ростдан ҳам ижобий ўзгаришлар бўлаётганини кутишга ҳақлимиз. 

Мотивация

Юқоридаги омилни хусусан терма жамоамизнинг бугунги таркибига нисбатан ҳам ишлатиш мумкин. Купер жамоасида ҳозирда жуда кўп иқтидорли ва ёш футболчилар йиғилган ва айтиш мумкинки, уларнинг аксарияти бугунги кунда фаолиятларидаги бурилиш нуқтасида туришибди. Чунки, айнан Осиё Кубогидаги муваффақиятли ўйин ва натижа туфайли улар балки келажаклари учун катта таъсир қиладиган шартномаларга эга бўлишлари мумкин. Сидиқов, Машарипов, Рашидов, Ҳамдамов, Шукуров ва бошқа футболчиларда фаолиятларидаги навбатдаги дадил қадамни ташлаш палласи келган.

Шу нуқтаи назардан, бугунги жамоани 2011 йилдаги Абрамов жамоасига ўхшатаман. Ўшанда ҳам кўпгина футболчилар, хусусан Одил Аҳмедов ҳам айнан ўша турнирдан кейин, легионерга айланганди. 2015 йилда эса аксинча, таркибдаги етакчи футболчилар Кападзе ҳам, Жепаров ёки бошқалар ҳам фаолиятдаги сўнгги даврларни ўтказаётган эди. Юқорида тилга олинган Одил Аҳмедовнинг ҳолати, яъни Осиё-2011 турниридан кейин жуда яхши трансфер шартномаларига эга бўлгани бугунги ёш футболчиларга намуна бўлиши керак.

Қисқаси, мистер Куперга футболчиларимизда мотивация уйғотиш у қадар қийин бўлмайди.

Қ.Асланов

Мавзуга оид