Ўзбекистон | 18:29 / 15.01.2019
5853
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда инновацион лабораториялар тармоғи жорий этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва мамлакатда лабораториялар тармоғини яратаётган «Swisslab» Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонаси томонидан Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Ҳужжат Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида халқаро стандартларга мувофиқ келувчи Лаборатория-диагностика марказларини яратиш орқали Ўзбекистонда юқори технологик тиббий ва диагностик ёрдамни ривожлантириш мақсадларида имзоланган. 

Тошкентда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изамов ҳамда «Swisslab» ҚК бош директори Наталья Дудкова томонидан имзоланган меморандум томонлар розилигига кўра муддатни узайтириш имкони билан 5 йилга мўлжалланган. Швейцария томон биринчи босқичнинг ўзида 12 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритади.

Дудкованинг сўзларига кўра, «Swisslab» имкон қадар қисқа муддатда (2 соатдан  бошлаб) таҳлилларнинг асосий турларини ўтказувчи ва ўз фаолиятини шаффоф муҳитда амалга оширувчи биринчи инновацион лабораториялар тармоғи бўлади. Очиқ лабораторияда бемор биоматериал олинган вақтдан то таҳлиллар жавобини олгунига қадар тадқиқотларнинг бажаралишини бевосита кузатиш имконига эга бўлади. Айни дамда пойтахтда мазкур хизматлар кўрсата бошланган. 

"Биринчи босқичда" бу хизматлар бутун Тошкент шаҳри бўйлаб кўрсатилади, бу ерда биоматериал олиш учун 15 пункт ва лаборатория фаолият юритади. Кейинроқ хизматлар кўлами бутун мамлакат бўйлаб кенгайтирилади", - дейди Дудкова.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ўз бўлимларига эга Миллий палата бунда хорижий компанияга кўмак беришни режалаштирмоқда. Шу тариқа бутун мамлакат бўйлаб илғор халқаро тажрибалар ва стандартлар даражасидаги таҳлилларни ўтказиш имкони пайдо бўлади. Лаборатория тадқиқотларининг халқаро сифат тизими туфайли мазкур натижалар бутун дунёда тан олинади. 

"Бундай даражадаги лабораториялар "референс лабораториялар"га мансуб бўлиб, уларнинг фаолияти барча халқаро стандартларга тўғри келади. Бу жуда аниқ сифат назорати, махсус реагент ва бошқалар, яъни ҳар бир босқичда тегишли сифат даражаси. Бундай лаборатория яратишнинг ўзиёқ анча мураккаб жараён, бунда барчаси муҳим - иншоотни жиҳозлаш, ускуналарни тўғри танлашдан тортиб то зарур реагентларни тегишли методикалар бўйича қўллашгача. Шу тариқа Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига халқаро стандартлар киритилади, бу эса Миллий палатанинг асосий вазифаларидан биридир", - дейди Р.Изамов.

Мавзуга оид