Ўзбекистон | 10:39 / 15.01.2019
10620
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони маълум қилинди

Фото: Fotolia

2019 йил 1 январь ҳолатига фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 7560 тани ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2043 тага ёки 37,0 %га ўсган. 

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, ушбу корхоналарнинг асосий қисми Россия Федерацияси, Туркия Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Корея Республикаси ҳиссаларига тўғри келади.

Шунингдек, хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг 4006 таси қўшма, 3554 таси эса хорижий корхоналар ҳисобига тўғри келади. 

Ҳудудлар кесимида, хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳарда 4728 та (жамидаги улуши 62,5%), Тошкент вилоятида 851 та (11,3%) ва Самарқанд вилоятида 396 тани (5,2%) ташкил этган. Энг кам хорижий капитал иштирокидаги корхоналар Хоразм вилоятида 71 та (0,9%), Қашқадарёда 85 та (1,1%), Навоий вилоятида 109 та (1,4%) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси 121 тани (1,6%) ташкил этган. 

Бу мазкур ҳудудларда хорижий ҳамкорлар билан ишлашни, инвестициялар жалб этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни янада ривожлантиришни талаб этади. 

Агар фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар иқтисодий фаолият турлари кесимида кўрилса, энг кўп саноатда 2995 тани (39,6%), савдода 1668 тани (22,0%) ҳамда бошқа фаолият турларида эса 1225 тани (16,2%) ташкил қилган. Энг камлари эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 97 тани (1,3%), ахборот ва алоқада 209 тани (2,8%), ташиш ва сақлашда 214 тани (2,8%) қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 339 тани (4,5%), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 325 тани (4,3%) ва қурилишда 488 тани (6,5%) ташкил қилган. Кўриниб турибдики фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми саноат ва савдо фаолият турига тўғри келади. Шунингдек, энг кам улуш эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда ахборот ва алоқа фаолият турларига тўғри келади. 

2018 йилнинг январь-декабрь ойларида хорижий капитал иштирокидаги янги ташкил этилган корхоналарнинг сони 2385 тани ташкил қилган. Бу кўрсаткич эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1522 тага кўпайган.

Бунда, Россия Федерацияси резидентлари капитали иштирокида – 428 та, Туркия Республикаси – 364 та, Хитой Халқ Республикаси - 351 та, Қозоғистон Республикаси – 246 та, ва Корея Республикаси – 161 та корхоналар янги рўйхатдан ўтган. Шунингдек, 2018 йил давомида Афғонистон Ислом Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Германия Федератив Республикаси, Украина, Озарбайжон Республикаси ва бошқа давлатлар резидентлари қўшма фаолиятга қизиқиш билдирдилар.

Янги ташкил этилган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг иқтисодий фаолият турлари бўйича кўрадиган бўлсак, асосан 728 таси саноат, 654 таси савдо, 229 таси қурилиш, 190 таси қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги ва 297 таси бошқа фаолият турлари ҳиссасига тўғри келади. 

Мавзуга оид