Жаҳон | 19:51 / 17.01.2019
65504
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг иккинчи рақамли энг бой одами навбатда туриб таҳсинларга сазовор бўлди

Microsoft асосчиси Билл Гейтснинг Dick’s Drive-In фастфуд ресторани олдида оддий одамлар каби навбатда тургани сурати Facebook’да Microsoft’нинг собиқ ходими Майк Галос томонидан эълон қилингач, Гейтс фойдаланувчилар таҳсинларига сазовор бўлди.

Суратда Гейтс қўлларини чўнтагига тиққанча навбатда туриб, ресторан томон қараётган ҳолда тасвирланган. Ушбу суратга изоҳларда “Оқ уйдаги тақлидчилардан фарқли ўлароқ, ҳақиқий бой одамларгина ўзларини бундай тутишлари” таъкидланган. 

Гейтс тез-тез жамоат жойларида бўлади. Миллиардер Burgermaster фастфуд тармоғи ихлосманди сифатида ном чиқарган, шу сабабли фойдаланувчиларни унинг Dick’s Drive-In’га келиши ажаблантирган.

Twitter фойдаланувчилари миллиардернинг навбатда туришини маъқуллашган. Уларнинг фикрича, дунёнинг иккинчи рақамли энг бой кишиси ўзини оддий одамлардек тутади. Фойдаланувчилардан бири Apple ихлосманди эканлигини, бироқ Билл бу иши билан унда ҳурмат уйғотганини айтган.

Изоҳлардан яна бирида Microsoft бошпанасизларга 500 млн доллар хайрия қилгани эслаб ўтилган.

Гейтс номига билдирилган бундай мақтовли сўзлар унинг АҚШда машҳурлиги билан тушунтирилади. У 2018 йилда АҚШнинг энг ҳурмат қилинувчи эркаклари рўйхатида 5-ўринни эгаллаганди.

Мавзуга оид