Ўзбекистон | 11:42 / 18.01.2019
11907
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекэнерго» раҳбари Марказий Осиё давлатларида ЭНҲАТ тизимини жорий этиш таклифи билан чиқди

Фото: KUN.UZ

«Ўзбекэнерго» компанияси бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев Жанубий Кореянинг KT Corporation ширкатига Марказий Осиё давлатлари ҳудудида электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (ЭНҲАТ) биргаликда жорий этиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Биз сиз билан бирга Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва Қирғизистон бозорига чиқиш, мутахассисларимизни ўқитиш ниятидамиз», - деди Мустафоев KT Corporation компанияси катта вице-президенти Сунгин Ким билан учрашувда.

«Ўзбекэнерго» раҳбарининг сўзларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари «ЭНҲАТ тизимига жуда катта қизиқиш билдирмоқда». «Барча қўшниларимиз ушбу лойиҳани кузатиб бормоқда. Унинг Ўзбекистонда муваффақиятли амалга оширилиши биз учун қўшни мамлакатлар бозорини очади. KT тарафидан технологиялар бўлади, «Ўзбекэнерго»дан - арзон ишчи кучи ва очиқ бозор», - дея қўшимча қилди Мустафоев.

2018 йилда президент Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр тармоқларини модернизация қилиш, 2018-2020 йилларда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишни такомиллаштириш бўйича «йўл харитасини» тасдиқлади. У яна 7,8 миллион истеъмолчини ЭНҲАТга улашни назарда тутиб, тизим қамровини 2021 йил охиригача абонентлар умумий сонидан 100 фоизга етказишни билдиради. Лойиҳа KT Corporation билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда Осиё банки мамлакатнинг учта вилояти - Бухоро, Жиззах ва Самарқандда 1 млн дона электр энергияни ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш учун Ўзбекистонга 150 млн доллар ажратган. Умумий қиймати 207,4 млн доллар бўлган лойиҳани 2018 йил охирига қадар амалга ошириш режалаштирилганди.

Бундан ташқари, 2015 йилда ОТБ директорлар кенгаши Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ЭНҲАТни жорий этиш учун Ўзбекистон ҳукуматига 300 млн доллар миқдорида қўшимча кредит ажратишни маъқуллади. 

Мавзуга оид