Жаҳон | 22:24 / 18.01.2019
9632
2 дақиқада ўқилади

Ер атрофида 7 минг тоннадан зиёдроқ чиқинди айланиб юргани маълум қилинди 

АҚШ, Россия ва Хитой сайёрамиз атрофидаги фазони коинот чиқиндилари билан ифлослаш борасида етакчилар ҳисобланади. Бу ҳақда Москва давлат техника университети томонидан тайёрланган мақолалардан бирида айтилган.

“Коинот чиқиндилари миқдори бўйича АҚШ етакчи ҳисобланади, 2-ўринда Россия, 3-ўринда эса Хитой туради. Бу учта давлатга коинот чиқиндисининг 93 фоизи тўғри келади. Ҳар йили бу чиқинди миқдори 4 фоизга кўпайиб бормоқда”, дейилган мақолада. Орбитадаги чиқинди миқдори кўпайишда давом этмоқда – охирги уч йил ичида у ҳар йили тахминан 100 тоннага ёки 2 фоизга яқин кўпаймоқда.

Коинот чиқиндиси кўпроқ орбитал қурилмаларнинг бўлакланиб кетиши ва тўқнашиши сабабли ҳосил бўлади. Бундан ташқари, орбитани ракеталарнинг ишлаб бўлинган поғоналари ва тезлаштирувчи блоклари, ишламай қўйган сунъий йўлдошлар, парвозлар вақтида ажраб чиққан бўлаклар ифлослантиради. 2017 йил маълумотларига кўра, ер атрофидаги орбитада 10 сантиметрдан каттароқ 18 мингта объект, жумладан 1200 та сунъий йўлдош, 750 мингта бир сантиметр келадиган зарра, миллиметрдан кичикроқ 150 млнга яқин бўлак бор.    

Олимларнинг таъкидлашича, ер атрофидаги фазода бўлаклар эртами-кеч секинлашиб, ерга тушиб, катта қисми атмосферада ёниб кетса, геостационар орбитада улар абадий айланиб юриши мумкин, бундай чиқиндилар билан тўқнашув хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундай ҳолда узоқ бўлмаган келажакда яқин коинот катта миқдордаги чиқинди сабабли амалий фойдаланиш учун яроқсизга айланиши мумкин. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид