Спорт | 14:10 / 20.01.2019
39690
7 дақиқада ўқилади

«Биринчи навбатда эҳтиёткорликка эътибор қаратамиз». Австралияга қарши ўйиндан олдинги матбуот анжумани

Бугун, 20 январь куни Ал-Айн шаҳридаги «Халифа бин Зайд» стадионида Осиё Кубоги нимчорак финали доирасидаги Австралия–Ўзбекистон учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унинг иккинчи қисмида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва яримҳимоячи Жалолиддин Машарипов иштирок этди.

«Эртанги ўйиннинг аҳамиятини тушуниб турибмиз. Бу энди гуруҳ босқичи эмас. Австралия анча мураккаб рақиб. Осиёнинг энг яхши терма жамоаларидан. Биз ўз хатоларимизни тўғрилашимиз керак. Ўйинимизда баъзи ўзгаришларни бўлади, аммо бутунлай бошқача услубда тўп сурмаймиз», – дея ўйинолди фикрларини билдирди Купер.

«Биринчи тур ўйинида бироз ҳаяжон  бўлди. Туркманистон билан ўйинда эса  ўзимизга ишончимиз юқори эканини кўрсата олдик. Японияга қарши баҳсда мағлуб бўлган бўлсак-да, бу йигитларнинг ўзига бўлган ишончига таъсир қилгани йўқ. Австралия билан ўйиндан олдин ҳеч кимда ҳеч қандай қўрқув йўқ», – таъкидлади Машарипов.

– Аввалроқ плей-оффнинг мураккаб ўйинлари учун муқобил режаларингиз борлиги ҳақида айтган эдингиз. Эртага ана ўша захира режаларингизни қўллайсизми?
– Ўйиннинг боришига қараб, захира вариантлари ва бошқа муқобил режаларим бор. Одатда жамоалар ўз ўйин услуби ва ривожланиш йўналишига эга бўлади. Бу ерда «ўйин фалсафаси» сўзини ишлатишни истамаган бўлардим, чунки бу жуда кенг маънони англатади. Шунинг учун «йўналиш» деб атаган бўлардим. Биз ҳам ана шундай ўз услубимиз, ўз йўналишимизга эга бўлишга интилганмиз. Албатта, Австралиянинг ўзига хосликларидан келиб чиқиб, рақибнинг устун жиҳатларини тўсиб қўйиш учун баъзи ўзгаришларга қўл урамиз. Шу билан бирга, рақибга қараб ўз йўналишимизни бутунлай ўзгартириб ҳам юбормаймиз. Чунки бизнинг ҳам ўзига хосликларимиз, бошқалардан фарқланувчи жиҳатларимиз, ўз услубимиз бор. Шунга ҳам эҳтиёткор бўлиш керакки, баъзи кичик ўзгаришларни амалга оширганда бу бутун ўйин тизимига таъсир қилади.

– Жаҳон чемпионатида ишлаган мураббий эканингиз сабабли мухлислар катта рақибларга қарши ўйинларда сиздан яхшироқ натижалар кутишади. Эрон ва Жанубий Корея билан ўйинлар ўртоқлик ўйини эди, дедик. Лекин расмий баҳсда Японияга ҳам ютқаздик. Энди олдимизда Австралия. Кучли жамоаларни нега юта олмаяпмиз?
– Биз Осиё Кубогига рақибимиз кимлигидан қатъи назар барча ўйинларда ғалаба қозониш учун келганмиз. Ҳа, Японияга имкониятни бой бердик. Лекин ҳозир жамоанинг бор эътибори ва энергияси мусобақада иложи борича узоқроққа боришга ва яхши ният қилайлик, Осиё чемпиони бўлишга қаратилган. Айни дамда нима учун Эрон, Корея ва Япония каби кучли жамоаларга ютқазаётганимизни таҳлил қилиб ўтирадиган пайт эмас. Чунки ҳар 3-4 кунда ўйин ўтказяпмиз, кейинги учрашувга қадар тикланишга улгуришимиз зарур. Шундай шароитда бу мавзуни таҳлил қилиш мавриди эмас. Ҳозир негатив эмас, аксинча позитив нарсалар ҳақида ўйлашимиз керак.

– Австралия билан битта меҳмонхонада яшаяпсизлар. Бу ғалати ёки қийин бўлса керак?
– Рақиб билан бир жойда ёнма-ён яшаётганимиз муаммо эмас. Ҳар куни кўришиб турамиз, ўртада ҳеч қандай душманлик йўқ. Муносабатларимиз илиқ. Лифтда учрашиб қоламиз. Аллақачон дўстларга ҳам айланиб улгурдик. Буни фэйр-плейнинг бир кўриниши деса ҳам бўлади.

– (Савол Жалолиддин Машариповга) Австралия терма жамоаси ҳам гуруҳдаги сўнгги учрашувини шу стадионда сизлардан икки кун аввал ўтказган ва шу шаҳарда истиқомат қилмоқда. Уларнинг таркиби жисмонан бақувват ўйинчилардан ташкил топган. Ниманинг ҳисобига Австралияни мағлуб этишларингиз мумкинлигини айта оласизми?
— Албатта, мураббийлар штаби билан терма жамоани ҳар томонлама ўрганиб чиқаяпмиз. Ўзига хос заиф томонлари борлигини ҳам биламиз. Лекин улар ҳақида бу матбуот анжуманида айтишим тўғри бўлмас эди. Чунки бу ерда австралиялик журналистлар ҳам бор.

– Туркманистон билан ўйинда Машарипов финт ишлатган вазиятда бундан жаҳлингиз чиқди. Шу вазиятга изоҳ берсангиз.
– Менинг бундай реакция билдиришим – нормал ҳолат. Мен доимо ўйинчиларга тўла-тўкис эркинлик бераман. Улар майдонда ўзлари маъқул кўрган тарзда ҳаракат қилишлари мумкин. Аммо шу билан бирга улар голлардан кейин жуда ҳам ўзларидан кетиб қолмасликлари керак. Мен унга ўйинга бўлган муносабатини ўзгартирмасликни айтдим, холос. Ўйинни қандай бошлаган бўлсак, шундай муносабат билан давом этишимиз керак. Ўйинчиларга катта эркинлик берилган, аммо улар бундай жозибадор футболга берилиб ўйинни ташлаб қўйишлари керак эмас.

– (Савол Жалолиддин Машариповга) 2011 йили Ўзбекистон терма жамоаси Австралияга йирик ҳисобда мағлуб бўлган эди. Шу натижадан кейин ўйинга руҳан тайёрланиш қийин эмасми?
– Ҳозир у пайт билан солиштирганда таркиб ўзгарган. Ўша пайтда ўзимиз ёш бола эдик. Телевизордан томоша қилганмиз. Ўзимиздан катта акаларимизнинг бу мағлубияти учун бизнинг аламимиз бор. Йигитлар билан бу ўйинда ғалаба қозониш билан Австралиядан реванш олиб, халқимизни хурсанд қилмоқчимиз.

Эктор Купер: Мисол учун, мен финалларда 8 марта мағлубиятга учраганман, аммо ҳамон яна финалда ўйнашни истайман.

– Австралия биринчи турда Иорданияга ютқазган эди. Шу ўйиндан келиб чиқиб рақиб ҳақида қандай хулосалар чиқардингиз?
– Мен Австралияни умуман олган ҳолда таҳлил қилмоқчиман, фақат Иордания билан ўйиндан келиб чиққан ҳолда эмас. Австралия тартибли, интизомли жамоа, маҳоратли футболчиларга эга, айниқса жисмоний жиҳатдан жуда кучли. Уларнинг бу плюсларини камайтириш учун ўзимизнинг устун жиҳатларимиздан кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

Эслатиб ўтамиз, Австралия–Ўзбекистон учрашуви эртага, 21 январь куни Тошкент вақти билан соат 19:00да бошланади. Ўйинни қатарлик Абдулраҳмон Ал-Жассим бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб боради.

Мавзуга оид