Спорт | 16:26 / 18.11.2024
6653
3 дақиқада ўқилади

«Эртага майдонга тушадиганлар ўзини кўрсатиши вақти келди» – Катанец КХДРга қарши ўйин, таркиб ва майдон муаммоси ҳақида

ЖЧ-2026 саралаш босқич 6-тури доирасидаги КХДР – Ўзбекистон учрашуви олди матбуот анжуманида бош мураббий Сречко Катанец ва миллий жамоа яримҳимоячиси Жалолиддин Машарипов иштирок этди.

Фото: ЎФА

«Айтиш мумкинки, сўнгги учрашувдан кейин бизда бу баҳсга тайёргарлик кўриш учун етарлича вақт бўлди. Тўрт кун ичида футболчиларнинг барчаси тайёргарликни давом эттиришди. Фақатгина майдон масаласида бизда муаммолар бўлди. Чунки машғулот майдони ҳолати яхши эмасди. Шунга қарамай, бизни муҳим ўйин кутиб турибди ва унда ижобий натижа қайд этиш учун барча имкониятни ишга соламиз.

Саралашдаги барча 10та учрашувни йўқотишларсиз ўтказишнинг иложи йўқ. Шу сабабли эртага майдонга тушадиган футболчиларнинг ўзини кўрсатиш вақти келди. Улар бу имкониятдан яхши фойдаланишлари талаб этилади», - деди Сречко Катанец.

Миллий жамоа етакчиси Жалолиддин Машарипов эса, Шимолий Кореяга қарши ўйин олди матбуот анжуманида «ҳозир кичик муаммоларга эътибор берадиган вақт эмас», деди.

«Эртанги ўйинга тайёрмиз. Ҳа, машғулотларда майдон масаласида кичик муаммо бўлиб турди, аммо ҳозир бунга қарайдиган пайт деб ўйламайман. Бу ерга фақат уч очкони қўлга киритиш учун келдик. Ҳозир олдимиздаги вазифа – ғалаба.

Ўйлайманки, учрашувга тайёрмиз. Кучли жамоамиз ва мана шунақа ўйинларда кучли жамоалар синовдан ўтади. Кучли жамоамиз, буни биламиз ва бу масалада йигитлар билан гаплашдик. Биринчи ўйинни тезда эсдан чиқарган ҳолда бу ўйинга тезроқ эътиборни қаратишимиз керак. Нимага деганда, иккинчи ўйин ҳам ўшани ўйлаб ўтиб кетишни хоҳламаймиз. 

Кучли жамоа ҳеч қачон кетма-кет иккита ўйинни ютқазмайди. Биз кучли миллий жамоамиз ва Худо хоҳласа эртага буни кўрсатиб, мухлисларни, ҳаммани 3 очко билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз», - дейди Жалолиддин Машарипов ўйин олди матбуот анжуманида.

Аввалроқ хабар қилинганидек, Элдор Шомуродов ва Отабек Шукуров жароҳат сабабли Лаосдаги бу баҳсда жамоамизга ёрдам бера олишмайди.

Маълумот учун, Шимолий Корея – Ўзбекистон учрашуви эртага, 19 ноябр, сешанба куни соат 17:00да бошланади.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид