Kun.uz таҳририятига Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари томонидан мурожаат келиб тушди. Уни ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, “Қозиробот” маҳалласи, Нурхон 4-тор кўчада жойлашган 20-б уйга ташриф буюрдик. Ушбу ётоқхонада Меҳрибонлик уйида тарбияланган фуқаролар яшаб келмоқда. Ётоқхонага борганимизда ташқи тарафдан қайта таъмирланган, ҳамма нарса жойидага ўхшаб кўринди. Камерамизни созламай туриб, олдин уларни эшитишни мақсад қилдик. Чунки мурожаатларни ўрганишда олдин вазиятни ўз кўзимиз билан кўриб, кейин мурожаат ҳақиқатан асосли бўлса камерамизни созлаймиз.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Бизни кутиб турган фуқароларни қийнаётган муаммоларига қулоқ тутдик. Шу ётоқхонада сабр билан яшаб келаётган Наргиза Жумаева бизга муаммоларни айтиб берди:
"Мен 2016 йилдан бери шу ётоқхонада яшаб келаман. Бизга уй ўрнига шу жойни 5 йилга ижарага беришган. Ётоқхонага келганимизда ҳеч қанақа шароит бўлмаган. Ташқи томони чиройли таъмирланган, фақат юзаки, қўл учида қилинган. Биз сув, газ, электрни ишлатишни бошлаганимизда электр, газ, сув ўча бошлади. Ётоқхона томларидан сув томчилаб ўтади. Ҳозиргача бу ерда умуман яшашга шароит йўқ. Шу вақтгача мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Ҳокимият, прокуратурага ёрдам сўраб мурожаат қилиб чиққанмиз. Улар ҳар доим келиб кўришади, расмга тушириб кетишади. Шароит йўқлигини сабабини кўриб чиқишиб, лекин шароитни яхшилаб беришмайди. Фақат оғзаки ваъда беришади, лекин бу ваъдасини устида ҳеч қачон туришмаган ва чиқишмаган. Асосий қисмимиз оилали, ёш болаларимиз билан яшаймиз. Подвалимизда чаён, сувараклар кўп. Болаларимиз касалдан бошлари чиқмаяпти. Бизларга шаҳар ҳокими Жаҳонгир акани шахсан ўзлари келиб 45 кунда уй-жой берамиз деб ваъда қилган.Чунки яшаш шароитимизни кўриб, ўзлари ҳам қўрқиб кетган. Бу оғир аҳволда ҳам одам яшайдими?,- деб ҳайрон қолганлар. Шундан сўнг уй берамиз деб ваъда қилишган.Бизда газ йўқ, бу свет билан бир нима қила олмаймиз. Электр лампочканинг ўзини ҳам кўтармайди. Сабаби ноль йўқ дейишди. Ўшани таъмирлаймиз деб ундан баттар аҳволга келтиришди. Ҳозир кўп хонадонлар светсиз ўтирибди. Кўп хонадонлар на лампочка ёқа олади, на чой на плита. Ўзи 66 хонадондан иборат. Лекин одам яшаётган хонадонлар 20-25 та. Сабаби шароит йўқлиги учун бу ерда кўп одамлар яшамайди".


























