Мени ҳар доим мушоҳадага чорлаб турадиган бир ҳолат бор: деярли ҳар куни ҳаётда, жамиятда, ҳужжатларда дуч келадиганим «фуқаро» атамаси. Ушбу сўзнинг моҳиятини яхши биламан: «Фуқаро – фақир, камбағал, бечора, мискин, гадо, давлатнинг ёки бировнинг ҳисобига яшайдиган, бир кунлик емишини топа олмайдиган шахс» маъносининг кўплик шакли, деб ёзади тиббиёт фанлари номзоди Рўзмат Тожимуродов «Ишонч» газетасида чоп этилган мақоласида.
«У мустақиллигимизнинг бошларида бир қатор (тайёра, тайёрагоҳ, нафақахўр ва ҳ.к.) каби шошма-шошарлик билан ҳеч қандай илмий асосланмаган сўзлар каби қўлланила бошланган. «Фақир, фуқаро» деб халқимизни аташ, балки бировни койиганда ҳам бундай дейиш ноўрин эмасми? Баъзилар бу сўз негизида бир неча сўзлар пайдо бўлган, уларнинг келажаги нима бўлади, дея ўйлаши мумкин. Масалан, «фуқаропарвар». Бу сўзда ҳеч қандай маъно йўқ. «Фуқаролик жамияти». Энди буниси ортиқчадек, назаримизда», – дея фикрини асослаган Тожимуродов.
Унга кўра, «фуқаро» сўзи ўрнига ишлатилиши мумкин бўлган халқ ва Конституцияга мос келадиган атама – «бек ва бека», яъни «Ўзбекистон беки ва бекаси».
Рўзмат Тожимуродов мақолада шундай ёзади:
«Бек(а)» барча дин ва миллат вакилларига ҳам мос келувчи ягона вариантдир. Бу таклиф кўплаб давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларига маъқул бўлган.
«Фуқаро» сўзи ўрнига таклиф қилинаётган вариант ва унинг таърифи:
Бек (бека). Ўзбекистон беки, бекаси:
– Ўзбекистон ҳудудида доимий (ёки Ўзбекистон беки, бекаси бўла туриб, вақтинча бирор-бир бошқа давлатда) истиқомат қилувчи, бир хил юридик ҳуқуқларга эга бўлган, турли миллат ва дин вакилларидан ташкил топган аҳоли;
– Маънавий ва моддий жиҳатдан бой-бадавлат ўзбек халқининг фарзандлари;
– Давлатни, давлат рамзларини тўлиқ англаган ҳолда ҳурмат қилувчи, ватан учун ҳар қандай хизматга тайёр билимли кишилар;
– Ўзига ишонган, ўз сўзида турадиган, оиласи ва ватанига содиқ эркак ва аёллар;
– Ўз ҳақини таниган, ўзганинг ҳақини ҳам унутмайдиган, узоқ-яқин қўшнилар билан дўстона яшашга интилувчи халқ;
– Содда, камтар, камсуқум, кенг фикрловчи, виждони пок инсонлар;
– Ўз номидан келиб чиққан ҳолда, юртининг ер ости, ер усти ва маънавий бойликларига меросхўр кишилар;















