Эксперт: “Ўзбекистон экологик қонун ҳужжатларидаги ноаниқликлар хорижий инвесторларнинг ташрифига тўсқинлик қилмоқда”
Ўзбекистонда экология соҳасидаги қонунчиликни тарғиб қилишда кенг жамоатчилик иштироки етишмайди. Бу ҳақида ҳуқуқшунослик соҳасидаги халқаро маслаҳатчи Андрей Андрусевич Тошкентда ташкил этилган семинар давомида таъкидлаб ўтди. Семинар мавзуси “Ўзбекистонда атроф-муҳитни стратегик баҳолашнинг замонавий тизими”га бағишланди.
Андрей Андрусевич "Давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси бўйича тақриз тақдим этди ва бу борада ўз таклифларини айтиб ўтди.
“Тақризда аниқ хулосалар мавжуд ва асосий хулосалардан бири шундаки, Ўзбекистон Республикасида режалаштирилган иқтисодий фаолиятнинг атроф-муҳитни баҳолаш тизими етарли даражада самаралидир, — деб қайд этди эксперт. — У ўзига хос, хаттоки, ноёб деб айта оламан. Ва у атроф-муҳит юзасидан ўз вазифаларини бажаради. Бироқ, агар халқаро стандартлар, инвесторлар, ривожланиш банклари ва бошқалар нуқтаи назаридан қаралса, у албатта халқаро даражадан катта фарқ қилади. Айни пайтда, бу собиқ совет давлатларидаги АМТБ (Атроф-муҳит таъсирини баҳолаш) экспертизаси тизимидир, ташқи инвесторлар уни тушунишмайди. Шунинг учун биз бир неча бўшлиқларни бартараф этишни таклиф қиламиз. Хусусан, иккита асосий камчилик мавжуд: шаффофлик ва жамоатчилик иштироки, шунингдек, қонун ҳужжатларида ноаниқликлар”.
Шунингдек, маърузачи амалда, инвесторларга тақдим этиладиган талаблар қонуний асосга эга эмаслиги, қонунлар етарли даражада батафсил ва аниқ бўлиши лозимлигини айтиб ўтди. Сабаби, ташқи инвесторлар учун қонунчилик талабларининг амалиётга мос келиши ниҳоятда муҳимдир. Бу тизим ташқи инвесторларга янада тушунарлироқ бўлиши учун модернизация қилиниши керак.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси томонидан Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, экологик баҳолаш - режалаштирилган фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини тизимли таҳлил қилиш ва баҳолаш, манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашиш, шунингдек ушбу таҳлил ва консултациялар натижалари фаолиятини режалаштириш, лойиҳалаш, тасдиқлаш ва амалга оширишда ҳисобга олиш жараёни.
Мавзуга оид
09:59
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
18:18 / 12.11.2024
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
16:17 / 07.11.2024