Ўзбекистон | 09:30 / 23.01.2019
17470
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЯИМ 2018 йилда 407,5 трлн сўмни ташкил қилди. Аҳоли жон бошига ЯИМ - 12,3 млн сўм

Фото: KUN.UZ

Дастлабки маълумотларга кўра, 2018 йилда Ўзбекистон ЯИМ ҳажми жорий нархларда 407,5 трлн сўмни ташкил этди ва 2017 йил билан таққослаганда 5,1 фоизга ўсди.

Давлат статистика хабарига кўра, аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ 12,3 млн сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,3 фоизга юқори.

Қўмитадан таъкидлашларича, иқтисодий ўсиш суръати иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кузатилган ижобий динамика билан боғлиқдир.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 88,8 фоизини ташкил этди ва 5,1 фоизга ўсди. 

Маҳсулотларга соф солиқларнинг ЯИМ таркибидаги улуши 11,2 фоизни ташкил этди ва 5,5 фоиз даражасида ўсиш қайд этилди.

ЯИМ ўсиш суръатига саноат тармоғи энг катта таъсир кўрсатди (2,1 ф.п.) ва ўтган йилга нисбатан 10,6 фоизга ўсди. 

Саноат тармоғидаги ижобий динамика тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш тармоғи қўшилган қийматининг 28,2 фоизга, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноат тармоғи қўшилган қийматининг 6,4 фоизга ва бошқа саноат тармоқларининг 4,7 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланди.

2018 йил якунлари бўйича, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноати қўшилган қиймати таркибида энг катта улуш металлургия ва металлни қайта ишлаш саноатига (машина ва ускуналардан ташқари) тўғри келди ва 24,5%ни ташкил этди. 

Озиқ овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг улуши 17,0%, тўқимачилик маҳсулотлари, кийим, тери ва унга тегишли маҳсулотлар ишлаб чиқариш - 16,1%, резина, пластмасса буюмлар ва бошқа нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш - 11,3%, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш - 9,2%, автотранспорт воситалари, трейлерлар, ярим притсеплар ҳамда бошқа транспорт ускуналари ишлаб чиқариш - 7,4%, электр ускуналар ишлаб чиқариш - 3,5% ва ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноатининг бошқа маҳсулотларини ишлаб чиқариш - 11,0%ни ташкил қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда энг кўп ойлик банкирларда, энг ками шифокор ва ўқитувчиларда экани хабар қилинганди.

Мавзуга оид