Жамият | 20:18 / 25.01.2019
14865
3 дақиқада ўқилади

“Қўшчинор”нинг чинорлари ҳоким қарори рўкач қилиниб аёвсиз кесиб ташланди

Тошкент вилояти Паркент тумани “Қўшчинор” истироҳат боғи ҳудудида 200 тупга яқин кўп йиллик манзарали дарахт ноқонуний равишда кесиб ташланди. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Насима Ахмедова хабар қилди.

Қайд этилишича, “Қўшчинор”даги истироҳат боғида кўплаб манзарали дарахтлар кесилаётгани тўғрисида келиб тушган мурожаатга асосан, бошқарманинг экоинспекция бўлими ходимлари хизмат текшируви ўтказишган. Хизмат текшируви давомида мазкур боғ ҳудудида 280 тупга яқин қайрағоч, арча, айлант, акация каби кўп йиллик манзарали дарахтлар таг қисмидан кесиб ташлангани аниқланган.

Дарахт кесиш иши ташкилотчилари бошқарма ходимларига боғ ҳудудида болалар ва ўсмирлар спорт комплекси қурилиши режалаштирилгани, қурилиш ҳудудидаги дарахтларни кесиш бўйича туман ҳокимининг қарори қабул қилинганини билдиришган. Аммо қарорда фақат 82 туп дарахт кесилиши кўрсатилган бўлган. Бундан келиб чиқадики, мазкур қарорни пана қилиб “уддабуронлар” ортиқча 196 туп дарахтни таг қисми билан кесиб ташлаган.

Маълумот ўрнида, бугунги кунда Ўзбекистон флорасини 4600 дан ортиқ ўсимлик турлари ташкил этади, улардан 3000 дан ортиғи ёввойи ҳолда ўсувчи ноёб ўсимлик турларидир. Ушбу ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларининг 324 хили Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Бир дарахт бир кунда ўн беш кишига етадиган кислород ишлаб чиқаради ва инсон ҳаёти учун зарарли бўлган минглаб чанг зарраларини қайтариш хусусиятига эга. Ҳозир асоссиз кесилаётган минглаб дарахтларнинг аксарияти кўп йиллик. Бунинг устига улар инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмайди.

Насима Ахмедованинг маълум қилишича, ноқонуний кесилган дарахтлар сабабли табиатга 230 миллион сўмлик зарар етказилган.

Ўзбекистон Республикаси "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунининг жойлардаги ижроси, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш, қайта тиклаш, ўсимлик турларининг генетик фондини сақлаб қолиш ва дарахтлар ноқонуний кесилишининг олдини олиш, шаҳар ободлиги ва озодалигига ҳисса қўшишни кенг тарғиб қилиш барчамизга тегишли масъулият ҳисобланади.

 Шундай экан, беҳудага нобуд бўлаётган дарахтларни асраб қолиш мақсадида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишимиз, экологик маданиятни шакллантириш бўйича тарғибот ишларини кучайтиришимиз лозим. 

Мавзуга оид