Жамият | 21:15 / 07.11.2024
2094
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида иситиш мавсуми 8 ноябрдан бошланади

Вилоятдаги шаҳар ва туман ҳокимлари бир ҳафта муддатда барча ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш қозонларини хатловдан ўтказади.

Тошкент вилояти ҳокимининг иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш, кўп қаватли уйлар ҳамда ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

«Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси ҳамда вилоят «Иссиқлик манбаи» ИЧБ марказлашган иссиқлик таъминотининг ишлаш тизимининг барча қисмларини текшириш ҳамда имкониятини аниқлаш учун 8 ноябрь соат 10:00 дан бошлаб иссиқлик манбаларидан чиқадиган иссиқлик энергиясининг айланма ҳаракати ишга туширилишини таъминласин», — дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, ҳоким қарори билан вилоят «Иссиқлик манбаи ишлаб чиқариш бошқармаси» ДУК, барча ижтимоий соҳа раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимликлари етказиб берилаётган иссиқлик энергияси учун кредиторлик-дебиторлик қарзлари ошиб кетмаслиги учун шахсан жавобгар экани белгиланган.

Шаҳар ва туман ҳокимлари барча ижтимоий соҳа раҳбарлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда қўшимча равишда барча ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш қозонларини хатловдан ўтказади.

Тошкент шаҳрида 7 ноябрдан бошлаб иссиқлик энергияси билан босқичма-босқич таъминлаш ишлари бошланди. Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрдан Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида иситиш мавсуми бошланган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид